Яқин Шарқда зарбалар кучайди, нефть нархи 115 доллардан ошди
Яқин Шарқда энергетика объектларига ҳужум кучайиши ортидан жаҳон бозорида нефть нархи кескин ўсди. "Brent" нефти 115 доллардан ошиб, сўнгги бир ҳафтадаги энг юқори даражага чиқди. Бу ҳолат Эроннинг минтақадаги нефть ва газ инфратузилмасига бераётган зарбалари билан боғланмоқда.
Бозордаги кескин ўзгаришга Исроилнинг Эрондаги “South Pars” газ конига зарбаси ҳам туртки берди. Бу манзил дунёдаги энг йирик газ захираларидан бири ҳисобланади. Жавоб тариқасида Эрон Қатар, Саудия Арабистони ва Кувайтдаги энергетика иншоотларини нишонга олди.
Қатарнинг “Ras Laffan” мажмуаси жиддий зарарлангани айтилмоқда. Саудия ҳудудида ракеталар тўхтатиб қолинган, Кувайтдаги нефтни қайта ишлаш корхонасида эса дрон ҳужуми натижасида ёнғин чиққан. Мазкур воқеалар энергия таъминотига оид хавотирни янада орттирди.
Мутахассислар фикрича, инфратузилмага аниқ зарбалар ва минтақадаги беқарорлик нефть етказиб беришда узилиш юзага келиши хавфини оширмоқда. Демак, нарх яна юқорилаши мумкин.
Дарвоқе, АҚШ маъмурияти минтақадаги ҳарбий иштирокни кенгайтириш йўлларини кўриб чиқмоқда. Шу тариқа энергия бозоридаги ноаниқлик янада авж олиб, нарх сиёсатига босим кучаймоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА