АҚШ Эрон урушида янги босқичга тайёрланмоқда
АҚШ маъмурияти Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётни кучайтириш мақсадида ҳудудга минглаб аскар жўнатиш йўлини кўриб чиқмоқда. Уруш учинчи ҳафтасига кирган бир пайт Вашингтон кейинги қадамлар бўйича янги режа тузмоқда.
Муҳокама қилинаётган мавзулар орасида асосан ҳаво ва денгиз кучлари орқали амалга оширилиши кўзланган Ҳурмуз бўғозида нефть танкерлари учун хавфсиз йўлак яратиш мақсади ҳам бор. Шу билан бирга, Эрон қирғоғига чекланган миқдорда қўшин жойлаштириш эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти. Қолаверса, Қўшма Штатларда Ислом Республикасининг асосий нефть экспорти маркази – Харг ороли устидан назорат ўрнатиш нияти ҳам йўқ эмасдек. Мамлакат нефть захирасининг салмоқли қисмини шу орол таъминлайди. Мутахассислар бундай амалиёт жуда хавфли, деб баҳоламоқда, чунки ҳудуд ракета ва дрон учун осон нишон ҳисобланади.

Шунингдек, Вашингтон Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захирасини назоратга олиш имкониятини ҳам кўриб чиқяпти. Бинобарин, бундай миссия, ҳатто, махсус кучлар учун ҳам жуда мураккаб ва хавфли экани таъкидланмоқда.
Оқ уй ҳозирча қуруқлик орқали юриш бўйича аниқ қарор қабул қилмаган. АҚШ қўшини аллақачон минглаб зарба бериб, Ислом Республикаси ҳарбий инфратузилмасига жиддий зарар етказган эса-да, ер устидаги иштирок масаласи сиёсий жиҳатдан хавфли туюлмоқда. Зеро, АҚШ жамоатчилиги орасида ҳам бу урушни қўллаб-қувватлаш нисбати пастлигича қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА