Афғонистонда сўз эркинлиги чекланганми?
Афғонистон Журналистлар маркази томонидан эълон қилинган йиллик ҳисоботга кўра, мамлакатда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолияти тобора хавфли тус олмоқда. Масалан, 2025 йил давомида матбуот эркинлигини чеклаш билан боғлиқ 207 ҳолат расман қайд этилган. Миллий журналистлар куни муносабати билан тайёрланган мазкур ҳужжатда соҳадаги вазият кескин ёмонлашгани алоҳида таъкидланган. Қайд этилишича, босим ва зўравонлик ҳолатлари сони 2024 йилга нисбатан 20 фоиз ортган.
Ҳисобот муаллифлари ўтган йил давомида 2 журналист ҳалок бўлгани, яна бири оғир тан жароҳати олганига эътибор қаратган. Шунингдек, ОАВ ходимлари ва таҳририятларга нисбатан 183 марта таҳдид, қўрқитиш ҳаракати содир этилган. Бундан ташқари, касбий фаолияти сабаб 21 журналист ва ОАВ фаоли ҳибсга олинган. Мутахассислар фикрича, бу рақамлар мамлакатда мустақил журналистика фаолият юритиши тобора қийинлашаётганини яққол намоён этмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА