Наврўз – эзгулик, меҳр-оқибат ва янгиланиш тимсоли
Юртимизда баҳорнинг энг улуғ ва қадимий байрами – Наврўз айёми ҳар йили кенг кўламда, юксак руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланади. Бу байрам нафақат табиатнинг уйғониши, балки инсон қалбидаги эзгулик, меҳр-оқибат ва янгиланиш тимсоли сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Шу жиҳатдан, Наврўз умумхалқ байрамига пухта тайёргарлик кўриш ва уни муносиб ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар жорий йилда ҳам изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” деган эзгу ғоя асосида ўтказилган тадбирлар ушбу юксак мақсадларнинг амалий ифодасига айланди. Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси бу каби ташаббуслар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирлар жараёнида байрамона муҳит яратилиб, турли маданий-маънавий, кўнгилочар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилди. Бу эса, ўз навбатида, ходимларнинг фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоада дўстона муҳитни янада мустаҳкамлашга замин яратади. Шу билан бирга, бундай мулоқотлар натижасида борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она-заминга меҳр ва эътибор каби миллий қадриятлар кенг тарғиб этилмоқда.

Айниқса, эрта тонгдан жамият марказий аппаратида ўтказилган спорт мусобақалари барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ходимлар арқон тортиш, шахмат, стол тенниси, шашка каби спорт турлари, шунингдек, “Оқ терак” ва “Бештош” каби миллий ўйинларда фаол иштирок этиб, ўз маҳоратларини намоён этди.
Байрам дастури доирасида миллий анъаналарга хос тадбирлар ҳам алоҳида ўрин олди. Хусусан, анъанавий миллий таом – сумалак тайёрланиб, унинг атрофида куй-қўшиқлар янгради. Бу жараёнда Ватанга муҳаббат, ота-онага эҳтиром ва юртга садоқат каби юксак туйғулар тараннум этилди.

Умуман олганда, “Иссиқлик электр станциялари” АЖда ташкил этилган Наврўз тадбирлари миллий қадриятларни асраб-авайлаш, жамоада бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, энг муҳими, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА