Президент ташаббуси амалда
Маълумки, жорий йил 29 январь куни Анқарада Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған икки давлат ўртасидаги мустаҳкам қардошлик риштаси яна бир бор намоён бўлган муҳим тадбирда иштирок этган. Ўшанда етакчилар Хатай вилояти Арсуз туманида Ўзбекистон томонидан қурилган уй-жойлар очилиши маросимини бирга кузатган эдилар.
Президент саройида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида эса Туркия раҳбари Ўзбекистоннинг 2023 йил 6 февралдаги зилзила пайти кўрсатган беқиёс ёрдамини алоҳида эътироф этиб, бундай оғир дамлардаги ҳамжиҳатлик ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади. Икки халқ ўртасидаги чуқур боғлиқликни “Нафақат тилимиз, дилимиз, балки дардимиз ва тақдиримиз ҳам бир” дея таърифлади.

Шунингдек, Эрдоған Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 6 февраль “Фалокат қурбонларини ёд этиш ва ҳамжиҳатлик куни” сифатида эълон қилинганини эслаб, Ўзбекистон томонидан 308 та уй барпо этилишини қардошларни амалий қўллаб-қувватлашнинг яққол намунаси, дея баҳолади.
Дарҳақиқат, Арсузда барпо этилган ва “Ўзбек маҳалласи” номи билан танилган бу ҳудуд ўзаро абадий дўстлигимиз рамзига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев эса “Дўст оғир кунда билинади” мақолини келтириб, ўзбек халқи турклар дардини ўз дардидек қабул қилгани, ушбу хонадонлар икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин тимсоли эканини қайд этиб, Хатайлик зилзиладан жабр кўрган оилаларни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Зеро, Хатайда Ўзбекистонни бир марта кўришни ният қилган минглаб ўзбеклар ва бошқа қондош миллатлар яшайди. Бу орзулар Президентимиз ташаббуси билан рўёбга чиқмоқда. Эртага 19 март куни махсус самолёт Хатайдан ҳавога кўтарилади.
Муқаддас Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан ташкил қилинаётган мазкур сафар давомида меҳмонлар Самарқанд, Бухоро, Андижон, Хива каби тарихий шаҳарларимизга ташриф буюриб, мамлакатимиз тарихи, маданияти билан яқиндан танишадилар.
Хулллас, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик риштаси ўзаро амалий ёрдам ва қўллаб-қувватлов билан янада мустаҳкамланмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА