Эронда минимал иш ҳақи 60 фоизга оширилди (+видео)
Эрон ҳукумати мамлакатда давом этаётган уруш ва рекорд даражадаги инфляция шароитида минимал иш ҳақини 60 фоизга оширишини эълон қилди, деб хабар берди Euronews
Эрон меҳнат вазири Аҳмад Мейдари минимал иш ҳақи 103 миллион риалдан 166 миллион риалга оширилишини тасдиқлади.
Бу чора яшаш харажатлари кескин ошиб кетганлиги сабабли, уларни қисман қоплаш мақсадида қабул қилинди. Қарор норозиликлар, санкциялар кучайиши ҳамда Исроил ва АҚШ билан давом этаётган зиддият шароитида қабул қилинди.
Минимал иш ҳақининг оширилиши меҳнат ташкилотлари босимига жавоб сифатида қабул қилинган бўлиб, жамиятдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.
Эрон ҳар йили минимал иш ҳақини инфляцияга қараб оширади. Бироқ ҳозирги уруш ва санкциялар бу сиёсатни жиддий синовга солмоқда.
60 фоизлик ошириш катта кўринса-да, у бир оиланинг асосий эҳтиёжлари учун зарур бўлган тахминан 580 миллион риалга етмайди. Касаба уюшмалари эса камида 600 миллион риал талаб қилган.
Сўнгги ўн йилда иш ҳақининг ҳақиқий харид қобилияти долларга нисбатан 300 фоиздан кўпроқ пасайган. Кўплаб оилалар, айниқса камбағал қатлам гўшт истеъмолини кескин камайтиргани сезилмоқда.
Кўплаб эронликлар қўшимча даромад излашга ёки мулкларини сотишга мажбур бўлмоқда. Улар кўпроқ углеводли озуқага ўтишга мажбур бўлишмоқда, бу эса жамият саломатлигига хавф туғдиради.
Мутахассислар фикрича, 60 фоизлик ошириш вақтинчалик енгиллик бериши мумкин, аммо чуқур иқтисодий ислоҳотларсиз бу чора узоқ давом этмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7uMDeENW7UM" title="Eronda minimal ish haqi 60 foizga oshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА