Кейинги йилларда микроқарзларнинг оммабоплиги ошгани ва айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив кредитлаш амалиёти қўлланилаётгани натижасида аҳолининг қарз юки кредит маҳсулотлари ҳисобидан кескин ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, микроқарзларни реклама қилиш ҳамда маркетинг контентида истеъмолчиларнинг асосий эътибори бундай кредит маҳсулотларини олиш келгусида юқори молиявий мажбурият келтириб чиқариши мумкинлигига эмас, балки уни тез ва осон олиш имкониятига қаратилмоқда.
Шунингдек, кредит маҳсулотлари рекламасида истеъмолчиларга молиявий ҳолат ва тўлов қобилиятини тўғри баҳолаш, мазкур хизматлардан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бериш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Аксарият мамлакатларда кредит билан боғлиқ рекламаларда истеъмолчи “Эҳтиёт бўлинг, қарз сизга қимматга тушади!" мазмунида огоҳлантирилади.
Шундан келиб чиқиб, айрим қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги қонунга аҳолига таклиф этиладиган кредитлар, шу жумладан, микроқарзлар рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида мажбурий огоҳлантирувчи матн жойлаштирилиши шартлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Бунда огоҳлантириш реклама майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини ташкил қилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.
Фракция аъзоси Фарҳод Зайниевнинг қайд этишича, муаммоли кредитлар тобора ошиб бормоқда.
Қонунчиликка киритилаётган янги норма аҳолининг кредит билан боғлиқ молиявий хатарлар ҳақида хабардорлигини ошириш, қарз мажбуриятларини олишга нисбатан янада онгли ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА