Россияда сиёсий қочқинларга қарши суиқасдлар учун махфий бўлинма тузилганми? (видео)
АҚШ Эронга қарши ҳарбий амалиётга 12 миллиард доллар сарфлаган, Покистон эса Афғонистон ҳудудига навбатдаги ҳаво зарбаларини берди. Исроилнинг Ливан жанубига берган ҳаво зарбаси натижасида 17 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди, Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилни қасддан нишонга олишда айблади. Россияда Кремль сиёсий қочқинларга қарши «Марказ 795» номли махфий бўлинма ташкил қилгани маълум бўлди, у ўғирлаш ва суиқасд операцияларига йўналтирилган. Польша бош вазири Дональд Туск мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиш хавфи кучайганини билдирган бўлса, Украина президенти Владимир Зеленский депутатларга парламентда хизмат қилиш ёки фронтга бориш мажбуриятини эслатди. Венгрия пойтахти Будапештда эса ҳукумат тарафдорлари ва мухолифат иштирокида сайлов олдидан йирик митинглар ўтказилди.
АҚШнинг Эронга қарши урушига 12 миллиард доллар сарфланди
АҚШ Эронга қарши ҳарбий амалиётнинг дастлабки 16 кунида бюджетдан 12 миллиард доллар сарфлаган. Шу маблағнинг катта қисми ракета тизимлари ва ўқ-дориларга кетган, экспертлар эса можаро давом этса, бу харажатлар Америкага 210 миллиард долларгача зарар етказиши мумкинлигини билдиради.
Покистон Афғонистон ҳудудига яна ҳаво зарбаси берди
Покистон ҳарбий ҳаво кучлари Қандаҳор туманидаги ҳарбий объектлар ва қурол-яроғ омборларига ҳаво зарбаси берди. Операцияда Толибоннинг техник ва ҳарбий инфратузилмаси йўқ қилингани айтилсада, Толибон вакили Зарба гиёҳвандликка қарши реабилитация маркази ва бўш контейнерга берилганини маълум қилди.
Исроилнинг Ливан жанубига зарбасида 17 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди
Исроил ҳаво зарбаси оқибатида Бурж Қалавия қишлоғидаги тиббиёт марказида ишлаган 17 нафар шифокор, ҳамшира ва фельдшер ҳалок бўлди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилни тез ёрдам гуруҳларини нишонга олишда айблади, Исроил эса тиббий инфратузилмадан ҳарбий мақсадларда фойдаланилганини иддао қилмоқда.
Россияда сиёсий қочқинларга қарши суиқасдлар учун махфий бўлинма тузилган — The Insider
The Insider маълумотига кўра, Россияда «Марказ 795» номли махфий бўлинма ташкил этилган бўлиб, сиёсий қочқинларни ўғирлаш ва йўқ қилишга йўналтирилган. Бўлинма 500 нафар офицердан иборат бўлиб, у Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбарлигида фаолият юритади. Ҳозирча Россия расмийлари бу хабарни тасдиқламаган.
Польша Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши мумкин
Польша бош вазири Дональд Туск мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши эҳтимоли кучайганини билдирди. Унинг айтишича, ички сиёсий зиддиятлар ва айрим ташқи таъсирлар, жумладан президентнинг молиявий блокадаси, бу хавфни янада оширган.
Зеленский депутатларни танқид қилди: «Парламентда хизмат қилмасанг, фронтга бор»
Украина президенти Владимир Зеленский депутатларга парламентдаги вазифаларни бажариш ёки фронтга хизматга бориш мажбуриятини эслатди. Уруш даврида сайлов ўтказиш имконсиз эканини айтган Зеленский, парламентда ишлашни истамаган депутатлар учун фронтга сафарбарлик қонунини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.
Будапештда сайловлар олдидан оммавий митинглар ўтказилди
Венгрия пойтахти Будапештда ҳукумат тарафдорлари ва мухолифат иштирокида йирик митинглар бўлиб ўтди. Бош вазир Виктор Орбан тарафдорлари ва мухолифат етакчиси Петер Мадяр қўллаб-қувватловчилари иштирок этган митинглар 12 апрелга белгиланган парламент сайловларига тайёргарлик сифатида баҳоланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7yw3mizY2dk?si=Z2jdsj-ETqHu3QrH" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов, Салим Обиджонов ЎзА