“Нефтчи” чемпион, “Пахтакор” ҳакамликдан шикоят қилмоқда
Андижондаги “Бобур Арена”да футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Суперлиганинг амалдаги чемпиони — Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Ўзбекистон кубоги соҳиби — Тошкентнинг “Пахтакор” клубига қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг 17-дақиқасида “Нефтчи” футболчиси Жамшид Искандеровнинг хавфли зарбасини пойтахт жамоаси дарвозабони Владимир Назаров қайтарди. Бироқ, қайтган тўпни бразилиялик легионер Ратиньо дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа бир қатор имкониятларга эга бўлди аммо ҳисоб ўзгармади.
Шу тариқа, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди.
Бироқ ўйиндаги бир эпизод ҳамон муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Яъни учрашувнинг 51-дақиқасида Иброҳим Ибрагимов берган зарбадан кейин тўп рақиб ҳимоячиси Боян Цигернинг қўлига тегди. "Пахтакор" клуби эса ушбу вазият юзасидан ҳакамлик устидан расмий шикоят киритди.
ЎзПФЛ регламентига биноан жамоамиз Ўзбекистон Суперкубогидаги ҳакамлик устидан шикоят киритиш ҳуқуқидан фойдаланганини маълум қилади. Баҳснинг 51-дақиқасида Иброҳим Ибрагимов берган зарбадан кейин рақиб ҳимоячиси тўпни қўли билан қайтарди. Бу ҳолатда унинг қўли нотабиий ҳолатда, тана ҳажмини кенгайтириш учун турганди. Бироқ на бош ҳакам, на ВАР ҳакамлари бу вазиятда тўп қўл билан ўйналганини кўришмади. Такрорий лавҳаларда эса қўлнинг танадан максимал нотабиий равишда чўзилганини кўриш мумкин, дейилади "Пахтакор" клуби шикоятида.
Шунингдек, "шерлар" "Пахтакор" дарвозасига шунга ўхшаш эпизодарларда белгиланган 4 пенальтининг фотосуратларини тақдим этди ва ҳолатларни ўзингиз таққослаб олишни тавсия қилди.
"Пахтакор" футбол клуби барча ёшдаги терма жамоаларга энг кўп номзодларни етказиб берганлиги билан фахрланади. Илк бор жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари финал босқичи йўлланмаси қўлга киритилишида ҳам жамоамиз тарбияланувчилари ҳамда футболчиларининг ўрни беқиёс бўлган. Умид қиламизки, футболимизда адолат бор ва ҳакамлар мавсум давомида беллашувларни одилона бошқариб боришади, вазият "Пахтакор" футбол клубининг ҳафсаласини пир бўлишигача етиб бормаган.
Биз нафақат жамоамиз, балки Суперлига, Пролига ва биринчи лига учрашувларининг барчасида адолатли ҳакамлик бўлишини хоҳлаймиз. Чунки ўзбек футболини янада ривожлантириш учун ҳамиша ҳалол ва адолатли ўйинлар зарур деб ҳисоблаймиз.
Ўз навбатида ЎзФҲМ раҳбари Маъмур Саидқосимов ҳам вазиятга муносабат билдирди:
Бу вазиятда футболчи қўл билан атайлаб ўйнамаган ва у бошка тарафга караб кетяпти. Қўл табиий ҳолда ва тўпга ҳаракат бўлмаган.
Сиз ҳам ушбу эпизод ҳақида фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг ва бизни барча ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/h8-6gM1ZWjs?si=bvd11G2KlQVwrHZw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Карим Худойқулов, ЎзА