Ҳурмуз бўғози баҳси: Вашингтон иттифоқчилардан ёрдам сўради
АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳурмуз бўғозида хавфсизликни таъминлаш учун халқаро коалиция тузишга чақирди, аммо Вашингтоннинг бу талаби кутилган қўллаб-қувватлашни олмади. Япония ва Австралия минтақада кемаларни қўриқлаш учун ҳарбий флот юбориш режаси йўқлигини билдирди.
Оқ уй раҳбари нефть ташувининг қарийб 20 фоизи ўтадиган стратегик йўлакни ҳимоя қилишда нефть импорт қилувчи давлатлар ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, Қўшма Штатлар бу масалада бир нечта ўлкалар билан алоқада, жумладан, Хитой, Британия, Франция, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатлардан ёрдам кутилмоқда.
Токио бундай қадамни ҳозирча кўриб чиқмаётганини маълум қилди. Бош вазир Санаэ Такаичи Япония конституцияси ҳарбий операцияларда қатнашишни чеклашини таъкидлаб, мамлакат ҳозирча ҳарбий кемалар юбориш ҳақида қарор қабул қилмаганини айтди. Австралия ҳукумати ҳам бу ташаббусда иштирок этмаслигини қайд этди.
Ҳурмуз бўғозидаги беқарорлик жаҳон бозорларига ҳам таъсир қилмоқда. Нефть нархи 104 доллардан юқори кўтарилди, Осиё бозорларида эса эҳтиёткорлик кайфияти кучайди. Айрим авиаҳаблар ёпилгани сабабли минтақада авиақатновлар ҳам издан чиққан.
Айни пайтда минтақа бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Дубай аэропортида дрон ҳужуми туфайли ёнилғи резервуарида ёнғин чиққан ва парвозлар вақтинча тўхтатилган. Саудия Арабистони эса қисқа вақт ичида ўнлаб дронларни ҳавода йўқ қилганини маълум қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА