Ўзбекистонда аҳолининг катта қисми пулларини нақд кўринишида сақлашни афзал кўради
Марказий банк ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ҳали ҳам маблағларини банклар ёки бошқа расмий молиявий воситаларда эмас, балки нақд кўринишида сақлашни афзал кўради.
“Ўзбекистонда молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегияси” доирасида ўтказилган тадқиқот аҳолининг жамғариш одатлари, банк хизматларидан фойдаланиш даражаси ҳамда молиявий саводхонлик ҳолатини ўрганишга қаратилган. Халқаро методологиялар асосида ўтказилган сўровда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 1200 нафар респондент иштирок этган.
Тадқиқот натижаларига кўра, сўров иштирокчиларининг қарийб ярми пулларини уйда ёки ҳамёнда нақд кўринишда сақлашини билдирган. Мутахассислар бу ҳолатни аҳолининг маблағларга тез ва осон кириш имкониятини устувор деб билиши билан изоҳлайди.
Шу билан бирга, расмий жамғарма воситаларидан фойдаланиш даражаси ҳали паст бўлса-да, охирги йилларда муайян ўсиш кузатилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда респондентларнинг атиги 2,6 фоизи расмий молиявий воситалар орқали жамғаришини билдирган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич уч баравардан ортиқ ошган.
Ҳозирги пайтда, 6 фоиз аҳоли маблағини жорий ҳисобларда сақлайди. 1,4 фоиз омонат ҳисобларидан фойдаланади. Натижада расмий жамғарувчиларнинг умумий улуши 7 фоиздан ошган. Мутахассислар бу ўзгаришни аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш маданияти аста-секин шаклланаётгани билан изоҳламоқда.
Тадқиқот натижалари жамғариш одатлари ҳудудлар, таълим даражаси ва бандлик ҳолатига қараб фарқ қилишини кўрсатди. Респондентларнинг 73 фоизи омонат хизматлари ҳақида хабардор бўлса-да, улардан фойдаланувчилар улуши атиги 6 фоизни ташкил этган.
Сўров иштирокчиларининг 39 фоизи умуман жамғарма қилмаслигини билдирган. Бу ҳолат айниқса шимоли-ғарбий ҳудудларда ҳамда таълим даражаси паст бўлганлар орасида юқори. Аксинча, Тошкент шаҳрида ва олий маълумотлилар орасида жамғарма қилмаслик ҳолати анча кам учрайди.
Тадқиқот хулосаларига кўра, жамғариш имконияти кўп жиҳатдан мунтазам даромадга боғлиқ. Масалан, талабаларнинг 26 фоизи, иш билан банд шахсларнинг 32 фоизи ва нафақадаги фуқароларнинг 46 фоизи жамғарма қилмаслигини билдирган.
Тадқиқотга кўра, кексалик учун махсус жамғарма қилиш даражаси ҳам паст бўлиб, умумий ҳисобда атиги 6 фоизни ташкил этади. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 13 фоиз бўлса, шимоли-ғарбий ҳудудларда 4 фоизга тенг.
Тадқиқотда рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси ҳам таҳлил қилинган. 2025 йил маълумотларига кўра, респондентларнинг 72 фоизи рақамли тўловларни амалга оширган ёки қабул қилганини билдирган. Бу 2021 йилдаги 39 фоизга нисбатан анча юқори.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахтда рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси 84 фоизни ташкил этган. Шаҳарларда бу кўрсаткич 77 фоиз, қишлоқларда эса 66 фоиз бўлган.
Шу билан бирга, интернет орқали харид қилиш ҳали кенг тарқалмаган. Респондентларнинг атиги 13 фоизи онлайн харид қилишини билдирган. Онлайн харид қилувчиларнинг бир қисми эса товар етказилгандан кейин нақд пул билан тўлашни афзал кўради.
Тадқиқотга кўра, аҳолининг 21 фоизи ҳануз фақат нақд пулдан фойдаланади. Уларнинг аксарияти буни одатланган тўлов усули экани билан изоҳлаган.
Банк хизматларига ишончни ошириш, молиявий саводхонликни кучайтириш ва рақамли тўлов тизимларини янада ривожлантириш молиявий оммабопликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ш.Маматуропова, ЎзА