Ўзбек рассомчилигининг ноёб намуналари “ARTepa” галереясида
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) қошидаги “ARTepa” санъат галереясида “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Васила Файзиева, кўргазма муаллифи, таниқли рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби Дилором Мамедова, санъат ихлосмандлари, ёш экофаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан рассомчилик соҳасида ҳам янги давр бошлангани таъкидланди.
— Юртимиз рассомлари яратилган имкониятлардан руҳланиб, халқаро майдонларда ўз истеъдодини намоён этмоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – Атроф-муҳитни асраш соҳасига бўлган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистонда мазкур мавзуга бағишланган қатор йирик халқаро пленэрлар ташкил этилди.
Шунингдек, хорижий мамлакатлар ҳайкалтарошлари иштирокида халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумларини ўтказиш яхши анъанага айланган. “ARTepa” галереяси ушбу йўналишдаги навбатдаги йирик лойиҳа бўлиб, маданий қадриятларни сақлаш, яратиш, ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қилади.

Биринчи кўргазма сифатида айнан “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” танлангани бежиз эмас.
Рассом асарлари она Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш руҳи билан суғорилган.
Кўргазма муносабати билан рассомнинг барча асарлари жамланган махсус каталог ҳам нашр этилди. У санъат ихлосмандлари учун эстетик илҳом манбаи бўлиши билан бирга, юртимизнинг бой маданий меросини тарғиб этувчи қимматли тўплам ҳисобланади.

Кўргазманинг очилиш маросими давомида меҳмонлар Дилором Мамедованинг ноёб ва бетакрор асарлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
— “ARTepa” санъат галереясида биринчи бўлиб менинг кўргазмам очилгани мен учун катта бахт, — деди Дилором Мамедова. — Кўргазмага янги асарларим қўйилган. Ҳар бир расмга янгича услубда ёндашдим. Жумладан, абстракция, реализм, фалсафий йўналишдаги ҳамда табиат манзаралари акс этган асарларни кўришингиз мумкин. Мақсадим Ўзбекистоннинг бой табиати ва маданий меросини бутун дунёга танитиш.
Рассом кўргазмага қўйилган 100 та ноёб асарини “Green University”га совға қилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2022 йилдан буён мамлакатимизда турли давлатлардан келган қарийб 100 нафар машҳур рассом иштирокида бешта йирик халқаро пленэр ўтказилди. Ушбу ижодий учрашувлар доирасида 2000 га яқин ноёб ранг-тасвир ва графика асарлари яратилди. Бугунги кунда улар фондлар ва экспозицияларда сақланиб, Ўзбекистон миллий бадиий меросининг муҳим қисми сифатида эътироф этилмоқда.
Ушбу кўргазма икки ой давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА