Ядровий ва радиацион хавфсизлик бўйича Япония тажрибаси ўрганилди
Япониянинг Миҳару шаҳрида “Ядровий ёки радиацион фавқулодда вазиятларда жамоатчилик билан мулоқот қилиш” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Япония ҳукумати, Фукусима префектураси ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда турли давлатлардан мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бердиев ҳам иштирок этди.

– Ушбу тадбир биз учун амалий кўникмага бой бўлди. ХАЭАнинг RANET Кадрлар салоҳиятини ошириш марказида ўтказилган ўқувдан кўзланган асосий мақсад фавқулодда вазиятларда аҳолига тўғри ва ишончли ахборот етказиш, хавфлар ҳақида тушунтириш бериш ҳамда давлат органлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишга қаратилди. У иштирокчиларга фавқулодда вазиятларда аҳолини тез ва ишончли ахборот билан таъминлаш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва ядровий ҳамда радиацион хавфсизлик соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш имконини берди, – деди у.
Семинар давомида иштирокчиларга фавқулодда вазиятларда жамоатчилик билан самарали мулоқотни ташкил этиш, аҳоли хавфни қабул қилиш психологиясини тушуниш ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан самарали ишлаш бўйича кўникмалар берилди. Шунингдек, улар нотўғри маълумотлар ва дезинформацияга қарши курашиш ҳамда давлат органлари ўртасида ахборот алмашинуви ва мувофиқлаштириш бўйича амалий билимлар эгаллашди. Тадбир сўнгида иштирокчиларга ХАЭАнинг махсус сертификатлари топширилди.
Амалий ўқув доирасида иштирокчилар “Фукусима-Дайичи” атом электр станцияси ҳамда фавқулодда вазиятдан зарар кўрган ҳудудларга ташриф буюриб, авария оқибатларини бартараф этиш ва аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича амалий тажриба билан танишди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА