Олтин силсила: Амир Темур нега набираларига қадимий исмларни қўйган?
Буюк салтанатлар фақатгина яроқ ва лашкар кучи билан қурилмайди. Уларнинг асл пойдевори теран тарихий хотирага ҳам туташади. Соҳибқирон Амир Темур бу мутлақ ҳақиқатни ўта чуқур англаган эди. У тарқоқ элатларни ягона туғ остида бирлаштирар экан, улуғ аждодлар хотирасига мурожаат қилди. Ўзликни англаш ва насл-насабни билиш ўзбек давлатчилигининг муҳим устунларидан бири саналган. Салтанат бошқарувида қондошлик ришталари ва маънавий ворисийлик доимо бир-бирини тўлдириб келган. Соҳибқироннинг ўз ота-боболари тарихига кўрсатган эҳтироми бунинг ёрқин далилидир. Бу фақат ўтмишни хотирлаш эмас, балки миллат дарахтини асраш йўлидаги бир тадбир эди.
Темурийлар даврида яратилган қўлёзмалар ушбу фикрларимизни тасдиқлайди. Сарой муаррихлари томонидан битилган асарларда Соҳибқирон шажараси аниқлик билан қайд этилган. Хусусан, “Зафарнома” ва “Зубдат ат-таворих” каби манбаларда бу масала алоҳида ёритилган. “Мужмали Фасиҳий” ҳамда “Ҳабиб ус-сийар” муаллифлари ҳам улуғ насл силсиласини диққат билан ўрганганлар. Шу каби асарларда Амир Темурнинг бобокалонлари номма-ном санаб ўтилади. Энг муҳими шундаки, барча тарихчилар бу шажарани деярли бир хил тартибда ёзиб қолдиришган. Олтин силсила Амир Темур ибн Амир Тарағай номидан бошланади. Сўнгра Амир Барқул, Илангир нўён ҳамда Амир Ийжал исмлари келтирилади.
Улуғвор насл дарахтининг илдизлари янада чуқурроққа кириб боради. Қорачор нўён, Амир Сурав Чичан ва Ирдамчи барлос номлари қадимий битикларда тилга олинган. Шажара давомида Қочули баҳодир, Туманайхон, Бойсунқурхон каби саркардалар эсланади. Рўйхатни Қайдухон, Дутуминхон, Буғохон ва Бузанжар Қоон тўлдиради. Улуғ насл занжири машҳур Аланқува момо номи билан тожланади. Соҳибқирон бу улуғ сиймоларни фақат битикларда қолдиришни истамади. У бобокалонларининг исмларини ўзининг авлодларига бериб, улар номини қайта ҳаётга қайтарди.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, Соҳибқирон тириклик чоғидаёқ уч нафар набирасига аждодлари номини берди. Мироншоҳ мирзо хонадонида 1395 йилда ўғил дунёга келди. Бу чақалоққа саркарда бобоси шарафига Ийжал мирзо деб исм қўйилди. Шоҳрух мирзонинг тўнғич ўғли эса 1394 йилда туғилган эди. Соҳибқирон ўз набирасига отасининг муборак номини раво кўрди. Шу тариқа жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшган Муҳаммад Тарағай, яъни Улуғбек дунёга келди. Шоҳрух мирзонинг 1397 йилда туғилган фарзанди ҳам эътибордан четда қолмади. Унга шажарадаги Бойсунқур мирзо исми берилди.
Аждодлар хотирасини улуғлаш анъанаси эваралар ҳаётида ҳам ўз аксини топди. Пирмуҳаммад ибн Жаҳонгир оиласида 1396 йилда ўғил фарзанд туғилди. Бу чақалоққа қадимий бобокалонларидан бирининг номи берилиб, у Қайду мирзо деб аталди. Орадан тўрт йил ўтиб, Пирмуҳаммад хонадонида яна бир шаҳзода дунёга келди. Бу галги ворисга улуғ аждод шарафига Бузанжир мирзо номи қўйилди. Абу Бакр ибн Мироншоҳнинг 1396 йилда туғилган ўғли ҳам муносиб ном олди. Унга жасур саркардалар наслидан бўлган Илангир мирзо исми берилди. Бу исмларнинг ҳар бири туркий халқлар ўтмишида из қолдирган шахсларга тегишли эди. Ёш шаҳзодалар гўдаклигиданоқ ўз номларига муносиб бўлиб вояга етишлари талаб этиларди.
Туркий элатлар тафаккурида исм танлаш ўта муҳим ва муқаддас удум саналган. Исм инсоннинг нафақат танитувчи белгиси, балки унинг ҳаётий масъулияти ва руҳий қувватидир. Амир Темур ва унинг авлодлари бу борада теран миллий қадриятларга содиқ қолишган. Улар танлаган исмларнинг замирида ғоят катта маънавий куч ва шижоат яширинган эди. Бу номлар мардлик, жасурлик, енгилмас ирода каби хислатларни ўзида мужассам этган. Бу бетакрор уйғунлик саройдаги бошқа шаҳзодаларнинг исмларида ҳам яққол кўзга ташланади. Ҳайдар Мирзо ва Комрон Мирзо исмлари бевосита куч-қудрат ва зафар маъноларини ташийди. Фаридун Мирзо ҳамда Жаҳонгир Мирзо номлари оламни тебрантирувчи ҳукмдорларга хосдир. Санжар Мирзо ва Усмон Мирзо исмлари эса давлатчилик салобати ва юксак тартибни намоён қилган. Бойқаро Мирзо ҳамда Суюрғатмиш Мирзо номлари қадимий жангчиларнинг тоғдек матонатини эслатади.
Ўтмиш сиймоларига кўрсатилган бундай эҳтиром давлатчилик аҳамиятига эга. Соҳибқирон шу оқилона йўл билан салтанатдаги қон-қардошлик ришталарини мустаҳкамлаган. Аждодлар номи янги туғилган авлодлар учун мустаҳкам маънавий қалқон вазифасини ўтаган. Темурийларнинг ворисийлик анъаналари биз учун ибрат мактабидир. Ота-боболар хотирасини қадрлаган, ўзлигини англаган миллатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА