Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила дарди ва адолатга бўлган ишонч мужассам
Муносабат
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш ва фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва ҳар бир фуқаронинг дардига қулоқ тутиш тамойили асосий устувор вазифага айланди. Бу борада Халқ қабулхоналари тизимининг жорий этилиши давлат идораларини халққа яқинлаштириш, мурожаатларни тизимли равишда кўриб чиқиш ва аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишда муҳим қадам бўлди.

Бугун юртимиз аҳолиси 38 миллиондан ошди, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 20 миллиондан зиёдни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, аҳоли даромадлари икки баробарга кўпайди. Бу эса амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар самараси эканидан далолатдир. Бироқ, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодий фаолликнинг ортиши мурожаатлар сонининг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис мазкур соҳадаги ишларни янада самарали ташкил этиш долзарб вазифага айланмоқда.
Агар рақамлар таҳлилига қаралса, бугун ҳар ўн минг аҳолига ўртача 319 та мурожаат тўғри келмоқда. Айрим ҳудудларда бу кўрсаткич анча юқори. Масалан, Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 452 тадан мурожаат қайд этилган. Бу ҳолат айрим ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш тизими етарлича самарали эмаслигини кўрсатади.
Шу боис, давлат раҳбари томонидан айрим ҳокимлар ва мутасадди раҳбарлар фаолияти танқид қилинди. Хусусан, баъзи жойларда сайёр қабуллар номига ўтказилаётгани, аҳоли билан мулоқот формал тус олаётгани таъкидланди. Бундай ҳолатлар, албатта, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, йиғилишда ижобий натижалар ҳам қайд этилди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида раҳбарларнинг мурожаатлар билан бевосита шуғуллангани натижасида аҳоли мурожаатлари 25–30 фоизга камайган. Бу эса раҳбарларнинг масъулияти ва шахсий назорати муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил эканини кўрсатади.
Аммо, ички ишлар органлари, мажбурий ижро бюроси, энергетика, бандлик ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича мурожаатлар кўплигича сақланиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу ҳолат ушбу соҳаларда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш зарурлигини кўрсатади.
Жумладан, алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири алимент тўловлари билан боғлиқ мурожаатлардир. Ўтган йили бу борада 70 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Муаммонинг асосий сабабларидан бири алимент тўловчиларнинг расмий даромади мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимликлар, бандлик бўлимлари ва маҳалла институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали бу муаммони ҳал этиш мумкинлиги таъкидланди.
Қолаверса, электр таъминоти, йўллар, сув ва канализация тизими билан боғлиқ муаммолар бўйича 2025 йилда 100 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида жорий йилда 20 триллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағларни, аввало, энг кўп мурожаат тушаётган маҳаллаларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Айнан ушбу йўналишда биз, парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни муҳим саналади. Сабаби, сайловчилар томонидан билдирилган мурожаатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, давлат раҳбари айтганидек маблағларни энг аввало зарур ҳудудларга йўналтириш, иш сифати устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур.
Шунингдек, Президентимиз томонидан мурожаатлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Эндиликда, Халқ қабулхоналари фақат мурожаат қабул қилувчи идора эмас, балки ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қиладиган ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлайдиган марказга айлантирилади.
Ушбу ташаббуслар мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Энг муҳими, муаммоларни фақат бартараф этиш эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, тизимли ечим топиш имконини беради.
Мазкур йўналишда қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органларининг масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши лозим. Ана шунда оддий одамлар учун “давлат идораси – муаммолар ечиладиган жой”га айланади. Фуқаролар мурожаатлари шунчаки қоғозда қолиб кетмаслиги ва қуруқ ваъда билан қайтарилмаслигини ўз ҳаётларида ҳис қилади.
Шу билан бирга, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқот маданиятини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш каби вазифалар ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу орқали, давлат ва халқ ўртасидаги масофа йўқолиб, идоралар ёпиқ қўрғон эмас, балки одамларга хизмат қиладиган шаффоф масканга айланади. Фуқаро бирор ишини битириш учун сарсон бўлмайди, балки маданиятли мулоқот ва тезкор ечимга эга бўлади. Энг муҳими, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи ортади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бу фақат бошқарув механизмларини янгилаш эмас, балки давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлаш демакдир. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила дарди ва адолатга бўлган ишонч мужассам.
Президентимиз томонидан илгари сурилган янги ёндашув эса муаммоларни фақат қайд этиш ёки вақтинча ҳал этиш эмас, балки уларнинг илдиз сабабларини бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу эса давлат бошқарувида масъулият, очиқлик ва халқ дардига дахлдорлик тамойилларини янада мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, бундай ислоҳотлар орқали давлат идоралари одамлар учун ёпиқ тизим эмас, балки уларнинг муаммоларига ечим топадиган, ҳақиқатан ҳам халқ манфаатига хизмат қиладиган тизимга айланади. Зеро, кучли давлат бу – аввало, халқ дардини эшита оладиган ва уни ҳал эта оладиган адолатли давлатдир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА