Интеллектуал танловнинг вилоят босқичи ўтказилди
Жиззах вилоятида ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёшлар ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Тадбир ёшларни миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан таништириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
“Аждодлар изидан” интеллектуал танлови Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими, Халқ демократик партияси ҳамда вилоят фахрийлар кенгашлари, шунингдек, куч тузилмалари ҳамкорлигида Ички ишлар вазирлигининг Жиззах академик лицейида ўтказилди.
Танловда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар хизмати, Давлат божхона органлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва бошқа тузилмалардан жами 14 жамоа иштирок этди. Улар ўзбек ва жаҳон адабиётининг машҳур асарлари асосида тайёрланган саволлар орқали ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Иштирокчиларга Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” тарихи романи, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари, Жюл Верннинг “Ўн беш ёшли капитан” саргузашт романи, шунингдек, жадид маърифатпарварлари меросига бағишланган “Жадидлар” тўплами ва ислом цивилизациясидаги илмий-маънавий меросни ёритувчи “Уйғониш” тўплами асосида саволлар тақдим этилди. Бу эса танловнинг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, ёш ҳарбий хизматчиларнинг адабий тафаккури ва дунёқарашларини кенгайтиришга хизмат қилди.
Танлов низомига кўра, жамоалар ҳар бир саволга белгиланган вақт ичида жавоб тақдим этди. Балл бериш тизими рақобатни янада кучайтириб, иштирокчилардан тезкор фикрлаш ва чуқур билим талаб қилди. Айрим саволларга муддатдан аввал тўғри жавоб топган жамоалар қўшимча баллга эга бўлиб, ўйин жараёни янада қизғин тус олди.
Якуний натижаларга кўра, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг “Қалқон”, ДХХ Чегара қўшинларининг Зомин туманидаги ҳарбий қисми “Сарҳад”, шунингдек, вилоят Божхона бошқармасининг “Ёш божхоначилар” жамоалари биринчи ўринни қўлга киритди. Миллий гвардия бошқармасининг “Ёш гвардиячилар” ва Пахтакор туманидаги ҳарбий қисмнинг “Янги Ўзбекистон” жамоалари иккинчи, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Ёш қутқарувчилар” жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиблар танловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Танловнинг ғолиб ва фаол иштирокчиларига Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Халқ демократик партияси вилоят кенгашлари ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Танловда жами 200 нафарга яқин ёш ҳарбий хизматчи ва ходим қатнашди.
[gallery-28164]
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш ҳарбий хизматчиларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва китобхонлик маданиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, маънавий жиҳатдан етук, билимли ва кенг дунёқарашга эга ёшлар — мамлакатимиз хавфсизлиги ва тараққиётининг ишончли таянчидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА