Касб-ҳунарли инсоннинг эртаси ишончли (+видео)
Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил 13 январь куни давлатимиз раҳбарининг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берган топшириқлари асосида Қашқадарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан муддатли ҳарбий хизматчиларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Жумладан, олий таълимга кириши, хизматдан кейин ўқишни давом эттириши, иш билан таъминланиши ва касб- ҳунар ўрганиши алоҳида эътиборга олинди. Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Миллий гвардия Қашқадарё вилоят бошқармаси ҳамда Қарши шаҳридаги Касбий кўникмалар маркази ҳамкорлигида 2 ойлик қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди.
— Марказимизда бугунги кунда 36 та йўналиш бўйича касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш курслари очилган, — дейди Қарши шаҳар Касбий кўникмалар маркази бош мутахассиси Ҳулкар Рўзиқулова.
—Курсларда касб-ҳунар ўрганиш истагидаги фуқаролар учун барча ўқув ускуналари, жиҳозлар муҳайё этилган.
Марказда муддатли ҳарбий хизматчилар ўз хоҳиш- истакларига кўра чилангарлик, сантехник, электромонтёр йўналишлари бўйича касб - ҳунар ўргандилар. Машғулотларни тажрибали мутахассис ўқитувчилар олиб боришди. 42 нафар муддатли ҳарбий хизматчи бу ерда ўқиб, кўникма ҳосил қилишди. Уларга ўқув дастурлари якунида эгаллаган мутахассисликлари бўйича сертификатлар топширилди.
Касбий кўникмалари ошган ва малакавий ҳужжатга эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бугун ўзига, эртанги кунига бўлган ишончи ошган. Бундай эътибор ва ғамхўрликлар ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг орзу ниятлари ушалиши, келгусида меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши, рўзғор тебратиши ва даромад топиши учун кенг имконият яратади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/k6Fwf_hcmYM" title="Kasb-hunarli insonning ertasi ishonchli " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У. Тўхтаев (тасвирчи), ЎзА