Green Card лотереяси қоидалари янгиланмоқда (+видео)
Непалда собиқ репер Балендра Шаҳ етакчилигидаги партиянинг сайловдаги ғалабаси, АҚШнинг Мичиган штатида синагогага уюштирилган ҳужум, Эроннинг марҳум олий раҳнамоси Али Ҳуманаийнинг рафиқаси тирик экани ҳақидаги хабар, Green Cardлотереяси қоидаларидаги кутилаётган ўзгаришлар, Абу Дабида илк рус православ черкови қурилиши ҳамда Россияда СССРни «обрўсизлантирувчи» фильмларни тақиқлаш ташаббуси — бугунги хориж янгиликларининг асосий мавзулари бўлди. Шунингдек, Покистоннинг Афғонистонга берган авиазарбаларидан сўнг минтақадаги кескинлик яна кучайгани ҳам хабар қилинди. Энг муҳим халқаро воқеалар тафсилотлари билан ушбу сонимизда танишишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Xnr8x4zP0Qk" title="Green Card lotereyasi qoidalari yangilanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Непалда собиқ репер бош вазир бўлиши кутилмоқда
Непалда собиқ репер Балендра Шаҳ етакчилигидаги Растрия Сватантра партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди. 275 ўринли парламентда 182 мандатни қўлга киритган партия етакчиси мамлакат бош вазири бўлиши мумкин. Сайловлар 2025 йил сентябрида коррупцияга қарши бошланган З-авлод намойишларидан кейинги илк овоз бериш жараёни бўлди.
АҚШда синагогага бостириб кирган шахс отиб ўлдирилди
АҚШнинг Мичиган штатида эркак Исроил синагогасига юк машинасида бостириб кириб, ўт очган. Маҳаллий қўриқчи томонидан отиб ўлдирилган гумонланувчи 41 ёшли Айман Муҳаммад Ғазалий экани аниқланган. Ҳодиса оқибатида болалар ва муассаса ходимлари жароҳатланмаган, аммо автомобилда портловчи моддалар топилган.
Оятуллоҳ Али Ҳуманаийнинг рафиқаси тирик экани маълум бўлди
Фарс агентлиги Эроннинг марҳум олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳуманаийнинг рафиқаси Мансура Хўжасте Бағирзода тирик эканини маълум қилди. Аввалроқ унинг Ҳуманаий қароргоҳига берилган ҳаво зарбаси оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Green Card лотереяси қоидалари янгиланмоқда
АҚШ ҳукумати Green Card лотереясида иштирок этиш қоидаларини ўзгартирмоқчи. Янги тартибга кўра, ариза топшириш учун амалдаги хорижга чиқиш паспорти талаб қилинади, ариза учун 1 доллар йиғим жорий этилади ҳамда анкетани тўлдириш вақти 90 дақиқагача узайтирилади.
Абу Дабида илк рус православ черкови очилади
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу Даби шаҳрида Казан Биби Марям иконаси шарафига бағишланган илк рус православ черкови қурилиши бошланади. Лойиҳа русийзабон диндорлар ташаббуси билан Антиохия патриархати юрисдикцияси остида амалга оширилади.
Россияда СССРни «обрўсизлантирувчи» фильмлар тақиқланиши мумкин
Россия Давлат думасига киритилган қонун лойиҳасига кўра, мамлакат армияси ёки СССРни салбий тасвирлайдиган фильмларга прокат рухсати берилмаслиги мумкин. Ташаббус муаллифи депутат Евгений Марченко бундай контент Россия ҳақидаги стереотипларни кучайтиришини таъкидлаган.
Покистон Афғонистонга авиазарбалар берди
Покистон 13 март куни Афғонистон пойтахти Кобул ва бир неча вилоятга ҳаво зарбалари бергани хабар қилинди. «Толибон» маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли ҳам зарар кўрган, жумладан аёллар ва болалар орасида қурбонлар бор. Чегара ҳудудларидаги тўқнашувлар сабаб ўн минглаб одамлар уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА