Давлат фармакопеясини жорий этиш орқали дори воситалари сифати ва хавфсизлиги таъминланади
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фармакопеялар дори воситалари стандартлари ва сифат назоратининг асосий ҳужжати сифатида фаолият юритади. Масалан, АҚШ Фармакопеяси ва Европа Фармакопеяси дори воситалари ишлаб чиқаришда қатъий меъёрий талабларни белгилайди, уларнинг синов услублари ва сифат назорати тизими бутун дунёда ишлатилади. Ўзбекистон ҳам Давлат фармакопеясини амалиётга жорий этиш орқали ушбу тажрибани қабул қилиб, маҳаллий дори воситалари сифати ва хавфсизлигини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга интилмоқда.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дори воситалари сифати назорати самарали бўлган мамлакатларда аҳоли ўртасида даволаш самарадорлиги юқори, қимматли ва хавфли дори воситалари тарқалиши минимал, ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги самарадорлик сезиларли даражада ошади. Шу боис, Ўзбекистонда Давлат фармакопеясини амалиётга жорий этиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини амалиётга жорий этиш масаласига бағишлаб гибрид форматда ўтказилган вебинарда ана шулар ҳақида сўз юритилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фармацевтика соҳасини ривожлантириш, маҳаллий дори воситаларини самарали тарзда амалиётга жорий этиш ҳамда уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Вебинарда Марказ директори ўринбосари бошчилигида муассасанинг тегишли таркибий бўлинмалари, Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази ҳамда Андижон, Қарши, Самарқанд ва Урганч филиалларидан 200 га яқин мутахассис иштирок этди.
Вебинарда Давлат фармакопеяси 2-нашри 1-жилдининг тузилиши ва унинг дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишдаги аҳамияти, маҳаллий ва хорижий дори воситаларини стандартлаштириш учун меъёрий ҳужжатлар тайёрлаш ва уларни ихтисослаштирилган экспертизадан ўтказиш жараёнлари, сифат назорати ва синов усулларининг фармакопеяда белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, корхона фармакопея мақоласи лойиҳасини кўриб чиқиш ва ариза берувчилар кўп йўл қўядиган камчиликларнинг олдини олиш сингари масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, фармакопея дори воситалари сифати ва хавфсизлигини таъминлашда асосий меъёрий ҳужжат ҳисобланади. Унинг талаблари асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар дори воситаларини ишлаб чиқаришда ва савдога чиқаришда аниқ стандартларга риоя қилади. Бу эса аҳоли учун дори воситалари сифати ва самарадорлигини кафолатлайди, дори бозорида шаффофликни таъминлайди.
Мутахассислар таъкидланганидек, фармакопея талабларига риоя қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулот яратиш имконига эга бўлади. Ўзбекистонда Давлат фармакопеясини амалга жорий этиш орқали маҳаллий ва импорт қилинган дори воситалари сифати ва хавфсизлиги таъминланади. Дори бозорида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш имкони яратилади. Аҳоли учун сифатли ва самарали дори воситаларига осон кириш кафолатланади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконига эга бўлади. Илмий тадқиқот ва стандартлаштириш жараёнлари ривожлантирилади, мутахассислар малакаси оширилади.
Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини амалиётга жорий этиш тадбиркорлар, мутахассислар ва аҳоли учун ҳам кенг имкониятлар яратади, дори воситалари бозорини барқарорлаштириш ва сифатли маҳсулотлар тақдим этишда муҳим қадам ҳисобланади.
Вебинар қатнашчилари синов жараёнида учрайдиган камчиликларни камайтириш ва сифат назоратини кучайтириш бўйича ўз саволларига атрофлича жавоб олди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА