Юртимизда умумхалқ ҳашари бошланди
Мамлакатимизда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13-14 март кунлари юртимизда умумхалқ ҳашари ўтказилмоқда.
Президентимиз томонидан бу борада ҳашар тадбирини ташкил этиш бўйича “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг алоҳида вазифалари белгилаб берилгани эътиборга молик. Хусусан, маҳалла раиси – ҳашар тадбирини уюшқоқлик билан ўтказишга раҳбарлик қилиши, ҳоким ёрдамчиси – эҳтиёжманд оилаларга моддий кўмаклашиши ва томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ёшлар етакчиси қабристонларни тартибга келтириши, хотин-қизлар фаоли хонадонларда тозаликни таъминлаш, профилактика инспектори экологик ҳолатни яхшилаш, йиғилган чиқиндиларни чиқариб ташланиши, солиқ инспектори маҳалладаги корхона, ташкилот, тадбиркорлик субъектлари ҳудудлари ободонлаштирилишини таъминлаши, ижтимоий ходим Ижтимоий ҳимоя реестрида бўлган оилалар, якка ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳамда оғир аҳволдаги шахсларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатиши белгиланган.
Ҳашарни юқори савияда ўтказиш учун Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси марказий аппарати ходимлари 14 та ҳудудга бириктирилиб, ходимлар ҳудудларда ишларни ташкил этмоқда. Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳрининг 12 та туманига ҳам Уюшма марказий аппарати ходимлари бириктирилди, ишлар ташкил этилмоқда.

8 минг 992 та маҳаллада “еттилик” аъзолари, мактаб ва боғча мудирлари, ҚВП ва ОВП бош шифокори, уй боши ва кўчабошилар, бошқарув сервис компаниялари, маҳаллада обрў эътиборга эга вакиллардан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Ҳар бир маҳаллада ҳашар тадбирлари ҳамда ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатиш бўйича ишлар “кўчабай”, “хонадонбай” шакллантирилди ва унга “еттилик” аъзолари ва фаоллари (кўча, уй бошилар) бириктирилди.
Шунингдек, 8 минг 992 та маҳаллада ҳамда ушбу маҳаллаларнинг 159 мингдан ортиқ ички кўчаларида ҳашар ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қўвватлаш ишарини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди.
Ҳар бир маҳаллага эҳтиёжидан келиб чиқиб қўшимча равишда ҳашар тадбирлари учун 11 турдаги бирламчи техника воситалари ва анжомлари маҳалла жамғармасининг тегишли маблағлари йўналтирилиши ҳисобига ҳарид қилиниб, шай ҳолатга келтирилди.
Ҳашар тадбирлари давомида кўча ва хиёбонлар, майдонлар, зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар, қабристонларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилган.
Фармойишда кўзда тутилганидек, яъни Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг бу йилги юбилейлари муносабати била Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилган хиёбонлар атрофида, шунингдек, улуғ аждодимиз номи берилган 33 та маҳалла ҳамда 816 та кўчада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари манзилли режалари шакллантирилди, бу ерларда ҳам тизимли ишлар ташкил этиляпти.
Рамазон ойи муносабати билан маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя тизимини янада кучайтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган 100 минг нафар оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия ҳашарларидан тушган маблағлар ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниб, эҳсон сифатида тарқатиш режалаштирилди.
Хайрия ҳашари давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида маҳаллаларнинг ички кўчалари ва аҳоли томорқалари ҳамда кабристонлар атрофига 4,5 миллиондан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари режалаштирилди ва ҳозирда бу борада ишлар бошлаб юборилди.
Умумхалқ хайрия ҳашари давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда меҳнат муҳофазаси ва техника хафвсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, Бандлик вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси билан биргаликда аҳолини ҳашарга жалб қилинишида ихтиёрийликни таъминлаш ва Экология миллий қўмитаси билан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида тадбирлар ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиб кетилиши масалаларида тизимли ишлар ташкил қилинган.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири