Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан Ўзбекистонда аёл судьялар эъзозланди
10 март – Халқаро аёл судьялар куни. Халқаро аёл судьялар ассоциацияси (International Association of Women Judges, IAWJ) 1991 йилда одил судловни самарали амалга ошириш, бутун дунёда гендер тенглик ва инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш учун турли мамлакатлардаги аёл-судьяларни бирлаштириш мақсадида тузилган.
Халқаро аёл судьялар кунини алоҳида байрам сифатида нишонлаш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелда қабул қилинган 75/274-сонли резолюцияси билан белгиланган. Шундан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу сана кенг нишонланади.
Ўзбекистонда ҳам бу йил суд тизими тарихида илк бор Аёл судьялар ассоциацияси ташкил этилди. 2026 йил 27 февралда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан мамлакатимизда Аёл судьялар ассоциацияси тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилди.
Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциация ўзининг фаолиятида суд амалиётини такомиллаштириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали адолат мезонларини ҳаётга изчил татбиқ этишга интилади. Шунингдек, касбий малака ошириш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали судьялар фаолияти самарадорлигини юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилади.
Айтиб ўтиш керакки, ҳозирги пайтда суд тизимида 246 нафар аёл судья одил судловни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистонлик уч нафар аёл судья Халқаро аёл судьялар ассоциациясининг аъзоси ҳисобланади. Юртимизда Аёл судьялар ассоциацияси ташкил этилгани бундай аъзолар сонини кўпайтириши шубҳасиз.
Мазкур сана Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда. Сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг “10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Тошкентда тантанали тадбир ва “Одил судловни амалга оширишда аёл судьялар ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Президентимизнинг фармони билан суд фахрийси Умсун Астанова “Меҳнат шуҳрати” билан тақдирланди.
– Яратганга шукур, ҳозир 95 ёшдаман, – дейди У.Астанова. – Бу ҳаётда жуда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим... Давлатимиз раҳбарининг биз аёл судьяларга кўрсатган ғамхўрликлари ва эътибори туфайли Ватанимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганимдан бошим осмонга етди. Муҳтарам Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Шундай қувончли кунларда бундан 40-50 йил олдинги, ўзим судья бўлиб ишлаган даврларим кўз олдимдан ўтиб турибди. Бир воқеа ёдимга тушди: ишни кўриш жараёнида, суд маслаҳатхонасида кўйлагим йиртилиб кетди. Яширмайман, ўша пайтда ишга киядиган биттагина кўйлагим бор эди. Нима қилишимни билмай, кўйлагимнинг йиртиғи кўринмаслиги учун олдимга фартук тақиб, суд ишини кўришни давом эттирганман... Худога шукур, ҳозир юртимиз тинч, осуда. Ҳаётимиз тўкин, фаровон. Бундай кунларнинг қадрига етишимиз керак. Бугун судьяларнинг ҳаёти, яшаш шароити ҳам мутлақо бошқача. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун жуда кўплаб амалий ишлар қилинаяпти. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “судьяларнинг орқасида Президент турибди, ҳеч қандай мансабдор шахснинг судьяга буйруқ бериши, таъсир ўтказишига асло йўл қўймаймиз” деган фикрларини эшитиб, қувониб кетаман. Ўзимга-ўзим қанийди, мана шу замонда мен ҳам судья бўлиб ишласам эди, дейман. Шогирдларимга бундай юксак эътибор ва ишончни фақат оқлашимиз керак, деб даъват қиламан.
– Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда, – дейди Конституциявий суд судьяси, «Дўстлик» ордени соҳибаси Жанагул Балкибоева. – Бу аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликнинг такомиллаштирилишида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини кафолатловчи, шунингдек, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, институционал механизмлар мустаҳкамланиб, гендер квоталари, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратаётган алоҳида эътибори биз хотин-қизлар учун катта шараф, айни пайтда алоҳида масъулият ҳамдир. Мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Президентининг алоҳида фармони билан бир гуруҳ аёл судьяларнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани нафақат шахсий ютуқларнинг эътирофи, балки ўзининг касбий маҳорати ва фидойилиги билан суд-ҳуқуқ тизими нуфузини мустаҳкамлаш ва юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган барча хотин-қизларнинг меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Янги ташкил этилган Ассоциация олдида судьяларнинг юксак ахлоқий мезонларга содиқлиги, касбий мустақиллиги ва масъулиятини таъминлаш сингари муҳим устувор вазифалар турибди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, бунда, айниқса, аёллар, болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар манфаатларини таъминлаш Ассоциация фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА