Фармацевтика тармоғи: инсон қадрини улуғлаш ва иқтисодий барқарорлик стратегияси
Муносабат
Инсон ҳаёти ва унинг саломатлиги – ҳар қандай ислоҳотнинг бош мезони, давлат сиёсатининг энг олий белгиси саналади. Бугун Янги Ўзбекистоннинг жадал одимлаётган тараққиётда фармацевтика соҳаси нафақат тиббиётнинг таянчи, балки мамлакат иқтисодий хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорлигини таъминловчи мустаҳкам устунга айланди.
Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида соҳанинг бугунги манзараси чуқур таҳлил қилиниб, эртанги куннинг стратегик харитаси чизилди. Зеро, халқ розилигининг муҳим шартларидан бири – ҳар бир хонадонга сифатли ва ҳамёнбоп шифо воситаларининг кириб боришидир.

Ортда қолган тўққиз йил соҳа тарихида чинакам юксалиш даври бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу даврда тармоққа 1,8 миллиард доллар инвестиция кириб келди, натижада 140 та янги ишлаб чиқариш қуввати қад ростлади. Бугун республика бўйлаб 300 дан ортиқ корхона фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 58 таси бевосита дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Рақамлар тили билан айтганда, ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 бараварга ортиб, 7,3 триллион сўмдан ошди. Маҳаллий дори воситаларининг тури икки баробарга кўпайиб, дунёнинг 55 та давлати бозоридан жой олди. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар замирида 40 минг нафардан зиёд юртдошимизнинг бандлиги ва фаровонлиги мужассам.
Бироқ эришилган натижалар марра эмас, балки янги марралар учун пойдевордир. Жорий йилда соҳага яна камида 1 миллиард доллар сармоя жалб этиш, сифат даражасини халқаро андозаларга мослаш ва хорижий гигант компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Мақсад аниқ, 2030 йилга бориб ички бозордаги маҳаллий дорилар улушини 70 фоизга етказиш ва экспорт ҳажмини миллард долларлик довондан ошириш. Бу фақат иқтисодий кўрсаткич эмас, балки дори-дармон бозоридаги импорт қарамлигига чек қўйиш демакдир.
Бугун мамлакатимизда 136 гектар майдонни эгаллаган 5 та махсус фармацевтика зонаси ташкил этилиб, барча инфратузилма ҳозирлаб қўйилган. Бироқ имконият бор жойда натижа ҳам бўлиши керак. Йиғилишда айрим ҳудуд раҳбарларининг лоқайдлиги, хусусан, Жиззах ва Бўстонлиқдаги фармзоналарда йиллар давомида лойиҳалар тўхтаб қолгани кескин танқид остига олинди. Ҳолбуки, оддий оғриқ қолдирувчи ёки витаминларни маҳаллийлаштириш орқали аҳолининг дорихоналардаги харажатларини сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Тадбиркорлик ривожи учун берилаётган янги имтиёзлар эса соҳа вакилларига янги нафас бағишлайди. Хусусан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб, фармацевтика лойиҳалари уч йил давомида ер ва бошқа солиқлардан озод этилади. Хомашё ва ускуналар импортидаги божхона енгилликлари, имтиёзли кредитлар буларнинг барчаси ишлаб чиқарувчининг елкасидан юкни олиб, бор эътиборни сифат ва ҳажмга қаратиш учундир. “Toshkent Farma Park” ҳудудининг яна 100 гектарга кенгайтирилиши ва Жанубий кореялик ҳамкорлар билан 400 миллион долларлик келишувлар Ўзбекистонни минтақавий “фармацевтика хаби”га айлантириш йўлидаги дадил қадамдир.
Тараққиётнинг эртанги куни илм ва инновация билан суғорилган бўлиши лозим. Шу мақсадда учта йирик илмий маскан негизида ташкил этилаётган Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти соҳадаги “узилиш”ни бартараф этади. Эндиликда олимлар ва талабалар бевосита ишлаб чиқариш билан ҳамнафас бўлади, янги дори яратган тадқиқотчилар эса давлат томонидан рағбатлантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, фармацевтика соҳасидаги бугунги эврилишлар шунчаки тармоқ ислоҳоти эмас, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу амаллар ифодасидир. Зеро, соғлом миллат – соғлом келажак демакдир. Берилган имкониятлар, яратилган шароитлар ва қатъий ирода эртага ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида, саломатлигида ва фаровонлигида ўз аксини топади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири.
ЎзА