Аскарлардан оналар ва устозлар учун унутилмас совға (+видео)
8 март — баҳорнинг илк нафаси уфурган, меҳр-оқибат ва эътибор айёми. Аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш анъанаси янада ёрқин намоён бўладиган ушбу байрам муносабати билан Тошкент вилоятида жойлашган Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан унутилмас ташаббус амалга оширилди.
Миллий гвардия либосидаги йигитлар командирлари кузатувида Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ўз оналари, меҳрибон устозлари ва ўзи таълим олган мактабларига ташриф буюриб, улар учун кутилмаган байрам табригини уюштирди.
Ҳарбий либосдаги ўғилларининг кутилмаган ташрифи оналар учун ҳақиқий байрам совғасига айланди. Эшик қўнғироғи чалиниб, эшик очилган лаҳзада қаршисида саф тортиб турган ўғлини кўрган оналар ҳаяжонини яшира олмай, кўзларида қувонч ёшлари жилваланди. Бу таъсирли лаҳзаларда она қалбида фахр, соғинч ва чексиз меҳр уйғунлашиб кетди. Уларнинг бағрига босиб олган фарзандларига айтган дуолари эса бу учрашувларни янада мазмунли қилди.
Шунингдек, аскарлар ўзлари таълим олган мактабларига ҳам ташриф буюриб, уларга илм ва тарбия берган устозларини байрам билан муборакбод этди. Ўқитувчилар учун бу ташриф ўз шогирдларининг юрт ҳимоясида фахр билан хизмат қилаётганини кўриш, уларнинг эҳтироми ва миннатдорлигини ҳис этиш каби унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Ҳарбий йигитлар устозларига гул тақдим этиб, самимий тилаклар изҳор қилди. Бу учрашувлар устоз ва шогирд ўртасидаги ҳурмат, садоқат ва миннатдорликнинг ёрқин намунасига айланди.
Кутилмаган ташрифлар орқали ҳарбий йигитлар ўз яқинларига меҳр, эътибор ва қувонч улашиб, 8 март байрамининг асл моҳияти — аёлларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ғоясини янада теран ифода этди. Бу лаҳзалар эса оналар ва устозлар хотирасида узоқ вақт унутилмас илиқ хотира сифатида сақланиб қолиши шубҳасиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/D2C_jjPpet0" title="Askarlardan onalar va ustozlar uchun unutilmas sovg`a" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
А. Аҳмедов (монтаж),
ЎзА