Шахсий фотосуратларни тарқатиш билан таҳдид қилганлар 20 минг доллар талаб қилган
Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда юртимиз бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари давом этмоқда.
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, тадбир доирасида шахсий фотосуратларни интернетда тарқатиш билан таҳдид қилиб, 20 минг доллар талаб қилган аёллар қўлга олинди.
ИИВ Тезкор қидирув хизмати ҳамда ДХХ тизими ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида икки нафар аёлнинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилди.
Аниқланишича, 2001 йилда туғилган аёл ўзига аввалдан таниш бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган аёл билан олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улардан бири TikTok ижтимоий тармоғи орқали Андижон туманида яшовчи 2002 йилда туғилган эркак билан танишиб, ишқий муносабат ўрнатган.
Шундан сўнг, жабрланувчининг шахсига оид фотосуратлар устига турли уятли ва ҳақоратли ёзувлар ёзиб, уларни TikTok ҳамда Instagram ижтимоий тармоқларида тарқатиш билан қўрқитган. Ушбу материалларни ўчириб ташлаш эвазига жабрланувчидан 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар келишилган маблағнинг бир қисми – 7 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан банк пластик картасига ўтказиб олаётган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ барча фуқароларни ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган товламачилик ҳолатларига нисбатан огоҳ бўлишга чақирди. Юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганда, ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ички ишлар органларига хабар бериш сўралди.
Н.Абдураимова, ЎзА