Пластик картадан пластик картага пул ўтказганда талаб этиладиган изоҳ ёзиш майдони назорат учун эмас – Марказий банк
Пластик картадан пластик картага пул ўтказганда изоҳ ёзиш майдони пайдо бўлиши атрофида маълум саволлар юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, аслида бу рақамли молия ривожланишининг табиий босқичи холос.
Бугун тўловлар сони ошиб бормоқда, операциялар тезлашмоқда. Жаҳон амалиётида эса тўлов мақсади, операция изоҳи ёки харажат категориясини кўрсатиш оддий функция ҳисобланади. Бу назорат учун эмас, балки операцияларни тизимли қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва хатоликларни камайтириш учун хизмат қилади.

Рақамли иқтисодиётда ҳар бир операция барибир маълумот изини қолдиради. Фарқ фақат шунда – маълумот тартибли бўладими ёки тартибсиз? Тузилган маълумот орқали операциялар аниқроқ қайта ишланади, шубҳали ҳолатлар тезроқ аниқланади ва тизим барқарор ишлайди. Балки шахсий калькулятор, шахсий бюджет маслаҳатлари, сунъий интеллект кириб келиб, маслаҳатлар беришни бошлайди.
Энг муҳими – маълумот учинчи шахсларга берилмайди, у мобиль илованинг стандарт ишлаш жараёни доирасида қайта ишланади.
Шунинг учун изоҳ майдони пайдо бўлишини ортиқча хавотир билан қабул қилишга ҳожат йўқ. Кўп ҳолларда бу фақат интерфейсдаги техник такомиллаштириш бўлиб, рақамли тизимнинг янада тартибли ишлашини таъминлашга қаратилган қадамдир.
ЎзА