АҚШ ва Исроил Али Ҳумонаийнинг жойини қандай аниқлади? (+видео)
Эрон олий раҳбари Али Ҳумонаийга қарши ҳужум кутилганидек тун ярмида эмас, балки эрталаб уюштирилган. Бу қарор тасодифий эмас эди, чунки АҚШ ва Исроил ҳужумни амалга оширишдан бир неча соат олдин қўлга киритилган муҳим разведка маълумотларидан фойдаланган, деб хабар берди ВВС нашри.
Маълум қилинишича, бир неча ой давомида АҚШ ва Исроил Эроннинг юқори лавозимли амалдорлари қайси вақтда ва қаерда йиғилиши мумкинлигини кузатиб келган. Улар Ҳумонаий шанба куни эрталаб Теҳрон марказидаги бинолар мажмуасида бўлишини аниқлаган.
Шунингдек, ўша пайтда мазкур мажмуада бошқа юқори мартабали ҳарбийлар ва разведка ходимлари ҳам йиғилиш ўтказаётгани ҳақида маълумот мавжуд бўлган.
Олий раҳбарнинг ҳаракатлари бир неча ой давомида назорат қилинган. АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги чиқишларидан бирида бунга ишора қилган.
“У бизнинг разведка ва юқори технологияли кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади”, -деган эди Трамп.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ҳумонаийнинг жойлашуви, замонавий технологиялар орқали кузатилган ва шу йўл билан олий раҳбарнинг манзили аниқланган.
Ўтган йил июнь ойидаги 12 кунлик уруш давомида Исроил Эрон ядровий дастурига алоқадор олимлар ва амалдорларга зарба берган эди. Хабарларга кўра, бу жараёнда телекоммуникация ва мобил алоқа тизимлари орқали айрим шахсларнинг, жумладан қўриқчилар ҳаракати ҳам кузатилган. Шу тариқа, олий раҳбарнинг кундалик ҳаракати шакллантирилган ва у кимлар билан, қайси вақтларда ва қаерда учрашишини аниқлаш имкони туғилган.
Эрон раҳбарияти Ҳумонаийнинг рақиблар кузатувида эканини билган. Бироқ улар бир неча ой давомида бу заифликларни бартараф эта олмаган. Мутахассислар фикрича, бу Эрон қарши разведка тизимида жиддий муаммо борлигини ёки АҚШ ва Исроил текшириш усулларини доимий равишда янгилаб, янги кузатув имкониятларини топганини англатади. Шунингдек, Теҳрон томони кундузги ҳужум эҳтимоли паст деб ҳисоблаган бўлиши мумкин.
The New York Times ёзишича, Эрон раҳбарининг жойлашув жойи ҳақидаги разведка маълумоти ташқи манбадан олинган ва тўғридан-тўғри зарбани амалга ошириш учун бу маълумот Исроилга тақдим этилган.
Мутахассислар кузатувича, вазифалар тақсимланганини кўриш мумкин. Исроил Эрон раҳбариятига боғлиқ нишонларга зарба бермоқда, АҚШ эса ҳарбий объектларга эътибор қаратган.
Разведка хизмати олий раҳбар ва бошқа амалдорларнинг ҳаракатлари ҳақида етарлича эрта огоҳлантириш берган. Бу эса узоқ масофадан қирувчи самолётлар орқали ҳужумни режалаштириш имконини берган.
Эрон олий Раҳнамосини йўқ қилиш ҳақидаги қарор қабул қилингач, маҳаллий вақт билан тахминан соат 9:40 атрофида мажмуага 30 та кучли бомба ташлангани хабар қилинган. Гарчи энг чуқур бункерлардан бўлмаса-да, Ҳумонаий мажмуа остидаги ерости бошпанасидан фойдаланган бўлиши мумкин. Аммо, натижа бермаган.
Зарбалар натижасида пойтахтдаги бошқа объектлар ҳам шикастланган, жумладан президент Маъсуд Пезешкиён идораси ҳам талофат кўрган.
Самолётлар зарба берган пайтда Дональд Трамп ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар воқеалар ривожини кузатиб турган. Бир неча соатдан кейин Олий раҳбарнинг ўлими расман тасдиқланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xo_46wdF2OE" title="AQSh va Isroil Ali Humonaiyning joyini qanday aniqladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА