Яқин Шарқ можароси Европага ҳам етиб бордими?
Яқин Шарқда авж олган можаро илк бор Европа ҳудудига кириб борди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Кипрдаги “RAF Akrotiri” ҳарбий базасига дрон зарбаси берилганини маълум қилди. Ҳодиса кечаси содир бўлган. Қурбонлар йўқ, зарар чеклангани айтилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Британия мудофаа котиби Жон Хили ярим тунга яқин Кипр томон баллистик ракеталар йўналтирилганини билдирган. Расмий вакил Константинос Летимбиотис “учувчисиз учоқ иштирок этган ҳодиса” ҳақида хабар бериб, дрон қаердан келгани ва қандай турда экани ҳозирча номаълумлигини қайд этди. Кипр ҳукумати хавфсизлик протоколини ишга туширган, вазият Лондон билан мувофиқлаштирилган ҳолда назорат қилинмоқда.
Бу ҳужум Бош вазир Кир Стармер Вашингтон сўровига биноан Британия базаларидан Эрон ракеталари ва бундай қурилмалар учирилаётган майдонларга қарши фойдаланишга рухсат берганини айтгандан сўнг рўй берди. Стармер Лондон амалиётга бевосита қўшилмаслиги, аммо “мудофаа мақсадида чекланган миқдорда фойдаланиш”га рози бўлганини таъкидлади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий минтақадаги ҳужумлар бўйича ҳарбий бўлинмалар “олдиндан берилган умумий кўрсатма асосида ишлаётгани”ни айтди. Теҳрон Қатар, БАА ва Ўмон каби давлатларга зарба бергани ҳақида хабарлар бор. Айни шу мамлакатлар музокараларда воситачилик қилган.
Кипр ҳудудида жойлашган Қироллик базасига зарба йўлланиши АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши амалиёти бошлангандан кейинги энг кескин сигналлардан бири. Ҳозирча зарар кўлами аниқ эмас, аммо можаро географияси кенгайиб бораётгани, Европа хавфсизлигига ҳам бевосита таъсир кўрсата бошлагани кўринмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА