Хориж хабарлари: Зеленский: учинчи жаҳон уруши аллақачон бошланган
Бугун дунёда бир қатор муҳим воқеалар рўй берди: Украина атрофидаги уруш ва геосиёсий кескинликлар фонида халқаро хавфсизлик масалалари янада долзарблашди, Мексикада йирик наркокартел раҳбарининг йўқ қилиниши ортидан тартибсизликлар авж олди, Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Шу билан бирга, Непалдаги ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси ва АҚШ шимоли-шарқидаги кучли қор бўрони инсонлар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатди, Японияда эса молиявий сиёсат бўйича эҳтимолий қарорлар муҳокама марказида бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i8955tdajpg" title="Zelenskiy: uchinchi jahon urushi allaqachon boshlangan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Непалда йўловчи автобуси дарёга қулаб тушди
23 февраль куни Непалда Покхара–Катманду йўналишида ҳаракатланаётган автобус Тришули дарёсига қулаб тушди. Ҳодиса тунги соат 1:30 атрофида содир бўлган. Оқибатда камида 18 киши ҳалок бўлди, 26 нафар йўловчи жароҳатланиб, шифохоналарга ётқизилди. Қутқарув ишларига Непал армияси ва Қуролли полиция кучлари жалб этилган. Ҳалок бўлганлар орасида Янги Зеландия фуқароси бор, жароҳатланганлар орасида эса Япония ва Нидерландия фуқаролари мавжуд. Дастлабки тахминларга кўра, тезликни ошириш фожиага сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Зеленский: учинчи жаҳон уруши аллақачон бошланган
Украина президенти Владимир Зеленский BBCга берган интервьюсида учинчи жаҳон уруши аллақачон бошланганини таъкидлаб, Украина Россия билан урушда ғалаба қозонишига ишонч билдирди. У Донбасс масаласида ҳудудий ён беришни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтди ва фронт чизиғини “музлатиш” таклифини илгари сурди. Зеленскийнинг фикрича, ҳудудий танаффус Россияга куч тўплаш имконини беради.
Мексикада энг хавфли наркобарон “Эл Менчо” ўлдирилди
Мексикада узоқ вақт қидирувда бўлган “Халиско янги авлод” наркокартели раҳбари “Эл Менчо” Тапалпа шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция чоғида йўқ қилинди. Амалиёт давомида картелнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди, икки нафари оғир жароҳат олди, уч нафар ҳарбий яраланди. У АҚШга йирик миқдорда гиёҳванд моддалар контрабандаси учун жавобгар бўлган ва унинг қўлга олиниши учун 15 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди. Унинг ўлими ортидан мамлакатнинг саккизта штатида тартибсизликлар кузатилди.
Эрон Россиядан 500 та кўчма зенит мажмуаси сотиб олади
Эрон Россиядан 500 та “Верба” мобил учириш қурилмаси ва 2 500 та 9М336 туридаги кўчма зенит ракетасини харид қилади. Қиймати 500 миллион евро деб баҳоланган битим 2025 йил декабрида имзоланган бўлиб, етказиб бериш уч йил давом этади. Келишув Эрон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда минтақадаги кескин вазият фонида амалга оширилмоқда.
Нью-Йоркда қишки бўрон сабаб транспорт ҳаракати чекланди
Нью-Йорк мэри Зохран Мамдани кучли қор бўрони муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилди ва 22 февраль соат 21:00 дан 23 февралгача муҳим бўлмаган транспорт ҳаракатини тақиқлади. Давлат мактаблари ёпилди, айримларида исиниш пунктлари ташкил этилди. Синоптиклар қор соатига 5–7,5 сантиметр тезликда ёғиши, шамол тезлиги эса 110 км/соатгача етиши мумкинлигини билдирмоқда.
Онасиз маймунча IKEA’га миллионлаб доллар фойда келтирди
Японияда онасидан ажралган Панч лақабли олти ойлик орангутанга IKEA ишлаб чиқарган юмшоқ ўйинчоқ берилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Маймунчанинг ўйинчоқни она сифатида қабул қилиши фондида мазкур маҳсулотга талаб кескин ошди. АҚШ, Япония ва Жанубий Кореяда ўйинчоқлар тезда сотилиб кетди, компания яқин вақтда яна етказиб беришни ваъда қилди.
Япония Марказий банки мартда фоиз ставкасини ошириши мумкин
Япония Марказий банкининг собиқ кенгаш аъзоси Макото Сакурайнинг айтишича, агар иена қадрсизланишда давом этса, банк март ойида фоиз ставкасини ошириши мумкин. Қарор 18–19 март кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилиш арафасида қабул қилиниши эҳтимол. Шунингдек, 2026–2027 йилларда ставкаларни йилда икки марта ошириш зарурати юзага келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА