Рақамли технологиялар вазирлиги стипендияси ғолиблари аниқланди
2025 йил ноябрь ойида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан вазирлик тизимидаги таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари учун вазирлик стипендияси танловига старт берилган эди.
Жорий йилги танловда ТАТУ ва Самарқанд филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университетининг 2-, 3-, 4-босқич талабалари, шунингдек ТАТУ ва Самарқанд филиали қошидаги академик лицей ўқувчиларидан жами 205 нафар номзод иштирок этди. Белгиланган Низом талабларига мувофиқ, улар орасидан 44 нафар талаба ва ўқувчи саралаб олинди.
Ғолибларнинг 40 нафари университет талабалари бўлса, 4 нафари лицей ўқувчилари. Ғолиб бўлган талабаларга 10 ой давомида 2 миллион 60 минг сўм (БҲМ: 5,0)дан, ўқувчиларга эса 824 минг сўм (БҲМ: 2,0) миқдорида стипендия берилади.
Мазкур стипендия, аввало, ёшларга молиявий барқарорлик яратиб беради. Талаба ёки ўқувчи қўшимча даромад ҳақида ўйламасдан, асосий эътиборини таълим олиш, илмий изланишлар ва янги ғоялар устида ишлашга қарата олади. Бу эса уларнинг билим сифатини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, рақамли технологиялар соҳаси бугунги кунда жадал ривожланаётган стратегик йўналиш ҳисобланади. Шу соҳада иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимизда инновация, IT-инфратузилма ва замонавий хизматлар ривожига мустаҳкам замин яратилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА