“Келажакка қадам” тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлайди
Келажакка қадам — бу шунчаки лойиҳа эмас, балки давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралда қабул қилинган олий таълим битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган амалий механизмдир. Ушбу ташаббус ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозори талабларига мослаштириш, энг муҳими — ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилиб олган.
Қисқа фурсат ичида лойиҳа минглаб ёшларнинг орзу-интилишларига қанот бўла олди. Уларни аниқ мақсад, ишонч ва ҳаракат атрофида бирлаштирди. Айтиш жоизки, Андижон вилояти ушбу лойиҳани илк бўлиб тажрибада синаб кўрган ҳудудлардан бири бўлди. Бугун эса унинг имкониятларидан энг самарали фойдаланаётган, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида етакчи ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятида ўтган йилнинг 8 ойи давомида 290 та лойиҳага 15 миллирад сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шохруҳ Сапиохунов Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олган йилларидаёқ келажакка оид аниқ режаларни шакллантириб олган эди. У ўз бизнесини юритиш, хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этиб, вилоят аҳолисига замонавий тиббий хизмат кўрсатишни ният қиларди. Вақт ўтиб, орзулар аста-секин реал ҳаётга кўча бошлади — оилавий клиника ташкил этилди. Бироқ бу билан чекланиб қолмасдан, фаолиятини кенгайтириш, хизмат турларини кўпайтириш истаги туғилди. Ана шу мақсадни амалга оширишда “Келажакка қадам” лойиҳаси ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Дастур доирасида у ўз бизнес-режасини такомиллаштириш учун имтиёзли кредитга эга бўлди. Ажратилган сармоя аниқ мақсадга, пухта режа асосида йўналтирилди. Натижа эса кутилганидан ҳам юқори бўлди — клиника фаолияти кенгайди, янги иш ўринлари яратилди, аҳолига хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди.
– Оилавий клиникамизда косметология хизматини йўлга қўйиш мақсадида банкнинг “Келажакка қадам” марказига лойиҳамизни тақдим этдик. Бизнес режамизга асосан, мазкур хизматни йўлга қўйишимизда зарур бўлган тиббий ускуналарни олиш учун 1 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағидан фойдаланиш истагини билдирганмиз. Кўп ўтмай мазкур лойиҳамиз “Келажакка қадам” маркази томонидан молиялаштирилди ва 2025 йилнинг июнь ойидан муассасасмизда косметология хизмати фаолиятини бошлади. Натижада клиникамизда қўшимча 5 та янги иш ўрни яратилди, –дейди Шоҳруҳ Сапиохунов.
Лойиҳа туфайли бугун вилоятимизда бундай лидер ёшлар сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Биргина Андижон давлат тиббиёт институтини оладиган бўлсак, сўнгги бир йил ичида 50 га яқин битирувчининг ташаббус ва бизнес ғоялари молиялаштирилди. Ана шу ёшларнинг ғоялари ҳаётга татбиқ этилди, интилишлари қўллаб-қувватланди, ўз кучига бўлган ишончи мустаҳкамланди.
– Ўтган йилнинг ўзида олий ўқув юртимиз талабалари “Келажакка қадам” маркази томонидан 4 миллиардлик имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланиш имконига эга бўлди, – деди АДТИ хотин-қизлар масасалалари бўйича ректор маслахатчиси Гулҳаё Холматова. – Асосийси, мазкур лойиҳа талабаларнинг ўз мутахассисликларидан ташқари, қўшимча бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмак бераётгани билан аҳамиятга эга. Айниқса, бу борада талаба қизларимизнинг талаб ҳамда таклифлари марказ томонидан доимо эътиборда.
Хўш, лойиҳа доирасида ажратилаётган кредит маблағларининг асосий афзалликлари нимада? Ёшлар, айниқса хотин-қизлар учун яна қандай имтиёз ва қулайликлар назарда тутилган?
– Президентимизнинг 61-сонли қарори асосида Олий таълим ташкилотлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда уларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича “Ўзмиллийбанк” АЖ масъул этиб белгиланди, – деди банк менеджери Бахтиёр Одилов. – Талабаларга нолдан бошланган бизнес ғояларини амалга ошириши учун икки йил имтиёзли давр билан кредит маблағлари ажратилмоқда. Бундан фойдаланишнинг талаби эса талаба ўз номидан фирма очади ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтади. Битирувчи талабалар учун кредит олиш жараёни анча соддалаштирилган ва қулай ҳам. 50 миллион сўмгача кредит оладиган талаба суғурта кафиллиги асосида, 1 миллиардгача бўлган кредит маблағи зарур бўлган битирувчилар ўз номига МЧЖ ташкил этган ҳолда молиявий кўмакка эга бўлиши мумкин.

Айтиш мумкинки “Келажакка қадам” — ёшларни фақат иш билан таъминлашнигина эмас, балки уларни мустақил фикрлайдиган, ташаббускор ва жамият равнақига ҳисса қўша оладиган етакчи кадрлар сифатида камол топтиришга хизмат қилаётган лойиҳадир. Бу ташаббус орқали ёшларнинг келажакка бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда, ғоялар амалга ошмоқда, орзулар эса аниқ режа ва ҳаракатга айланмоқда. Зеро, ёшлар қўллаб-қувватланган жойда тараққиёт бор, келажак бор.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
матбуот хизмати