Аждодларга эҳтиром – ёшлар қалбида
Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида ёш ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокида “Мард аждодлар йўли – бизнинг йўлимиз” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ҳамда “Буюк аждодларга муносиб авлод бўлайлик!” ижодий танлови юксак руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Тадбир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланди.
Анжуман аввалида сўзга чиққанлар икки буюк сиймо — шеърият мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий ҳамда саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг миллий маънавиятимиз, давлатчилик тафаккури ва адабий меросимиз тараққиётидаги беқиёс ўрни ҳақида теран мулоҳазалар билдиришди. Таъкидланганидек, бу зотлар қолдирган маънавий хазина — миллат руҳий қудратининг манбаи, ёшлар учун ибрат мактабидир.
Навоий ҳазратлари туркий тилнинг бадиий имкониятларини “Хамса”си орқали жаҳон адабиёти минбарига кўтарган, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида эса жамият ва инсон табиатини юксак ахлоқий мезонлар асосида таҳлил этган мутафаккирдир. У зот илму маърифатни давлат бошқаруви даражасига кўтариб, инсоф ва адолатни жамият тараққиётининг устувор тамойили сифатида талқин этган. Навоий тафаккуридаги комил инсон ғояси бугун ҳам тарбия ва маънавият соҳасида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бобур Мирзо эса “Бобурнома”сида фақат салтанат тарихи эмас, балки давр манзараси, инсон руҳияти ва табиат гўзаллигини ҳайратомуз аниқлик ва самимият билан тасвирлаган. Ундаги жўғрофий кузатувлар, ер-сув ва иқлим ҳақидаги қайдлар илмий жиҳатдан ҳам қимматли манба сифатида эътироф этилади. Бобур шахсиятида саркарда жасорати, давлат арбоби иродаси ва шоир қалби уйғунлашгани унинг бетакрор сиймо эканлигини кўрсатади.
[gallery-27641]
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш — маънавий тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ана шу ғоя тадбирнинг мазмун-моҳиятида устувор йўналиш сифатида янграб, иштирокчилар қалбида юксак масъулият туйғусини мустаҳкамлади.
Учрашув доирасида ўтказилган “Буюк аждодларга муносиб авлод бўлайлик!” ижодий танлови эса билим, тафаккур ва истеъдод беллашувига айланди. Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия бошқармаси, ички ишлар тизими ўқув муассасаси, ижод мактаби ҳамда олий таълим муассасаси жамоалари уч шарт асосида ўзаро куч синашдилар.
Таништирув босқичида жамоалар саҳнавий чиқишлар, шеър ва мусиқа орқали ўз дунёқараши ва ижодий салоҳиятини намоён этдилар. Савол-жавоб жараёнида иштирокчилар Навоий ва Бобур ҳаёти ҳамда ижодига доир олган билимларини намойиш этиб, тарихий манбаларга таянган ҳолда асосли жавоблар қайтардилар. Саҳна кўриниши шартида эса буюк аждодлар ҳаётидан лавҳалар бадиий талқинда жонлантирилиб, адолат, ватанпарварлик, матонат ва маърифат ғоялари таъсирчан ифода этилди. Шу тариқа танлов нафақат ижодий, балки илмий-маърифий мазмун касб этди, иштирокчиларнинг билим даражаси муносиб баҳоланди.
Беллашув якунига кўра, Мудофаа вазирлигига қарашли Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг “Бобурийлар” ҳамда ижод мактабининг “Зиё” жамоалари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Миллий гвардия бошқармасининг “Гвардиячилар” ва гарнизон ҳарбий қисмининг “Ворислар” жамоаларига насиб этди. Учинчи ўринни ички ишлар тизими академик лицейининг “Адолат” жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бироқ ушбу тадбирнинг энг катта ютуғи — ёшлар қалбида Навоий тафаккури ва Бобур жасоратига эҳтиром туйғусининг янада мустаҳкамлангани, аждодлар меросига муносабатнинг янги босқичга кўтарилганидир.
Зеро, Навоий қаламидаги ҳикмат ва Бобур юрагидаги жасорат — миллат маънавиятининг икки мустаҳкам устунидир. Ана шу устунларга таянган ёш авлод Ватанга садоқат, маърифатга муҳаббат ва тарихий меросга ҳурмат руҳида камол топмоқда. Мард аждодлар йўли изчил давом этмоқда — унинг муносиб ворислари эса бугун билим ва тафаккур майдонида ўз ўрнини топмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА