Ўзбекистон аҳолиси 2025 йилда банкларга валютани сотиб олганидан кўра кўпроқ сотди
2025 йилда Ўзбекистон аҳолиси ва юридик шахслар томонидан ички валюта бозоридаги операциялар фаоллиги сезиларли даражада ўсди. Бу ҳақда Марказий банк 2025 йил якунлари бўйича расмий таҳлилда маълум қилган.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар тижорат банкларига 21,7 миллиард долларлик валюта сотиб, 2024 йилга нисбатан 34,8 фоиз ёки 5,6 миллиард долларга кўп валютани бозорга таклиф қилди. Шу билан бирга, уларнинг валютани сотиб олиш операциялари 12 миллиард долларни ташкил қилиб, 2024 йилга нисбатан 27,7 фоиз ёки 2,6 миллиард долларга кўпайди. Натижада ижобий сальдо 9,7 миллиард долларга етди ва ички валюта бозорида қўшимча таклиф яратилди.
2025 йилда аҳоли халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга 18,9 миллиард доллар валюта киритди, бу 2024 йилга нисбатан 28 фоизга ёки 4,1 миллиард долларга кўп дегани. Шунингдек, валюта чиқиши 2,6 миллиард долларга тенг бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан камроқ ҳисобланади.
Юридик шахслар томонидан валюта таклифи талабдан тезроқ ўсди — 36 фоизга, талаб эса 24 фоизга кўпайди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари ҳисобига шаклланадиган валюта таклифи 18 миллиард долларга етди, шунинг 40 фоизи ички валюта бозорида сотилди. Шу билан бирга, 2025 йилда хорижий кредитлар ҳисобига 9,7 миллиард долларлик валюта сотуви амалга оширилди.
Ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар улуши — 63,7 фоиз, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш — 24 фоиз, хорижий кредитлар улуши — 12,3 фоизни ташкил этган. Валюта таклифи ва талабининг ўсиши экспорт тушумлари, хорижий инвестициялар, кредитлар ва халқаро пул ўтказмалари орқали ривожланди.
2025 йилда ички валюта бозорида жисмоний ва юридик шахслар фаоллиги иқтисодий барқарорлик ва бозор инфратузилмасининг самарадорлигини кўрсатди. Валюта таклифининг юқори ўсиши миллий валютага босимни пасайтирди, инфляцияга таъсир этувчи омиллар камайди ва долларлашув даражаси қисқарди.
Ш.Маматуропова, ЎзА