2025 йилда бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилди? – Мутахассис жавоб берди
Бугунги кунда республикамизда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, молиявий ҳисоботлар шаффофлигини таъминлаш ҳамда инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, 2025 йил давомида ушбу соҳада қатор муҳим қарорлар қабул қилиниб, янги механизмлар жорий этилди. Мутахассислар малакасини ошириш, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Мазкур янгиликлар ва амалга оширилган ишлар хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби методологияси ва аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Отабек Баракаев ЎзА мухбирига интервью берди.
– Аввало, бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини такомиллаштиришда қандай муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва уларнинг ижроси қай даражада таъминланмоқда?
– 2025 йил давомида мамлакатимизда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, ташқи сифат назорати тизимини такомиллаштириш, бухгалтер ва аудиторларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда касбий нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу жараённи янада тизимли ташкил қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги “Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилиниб, бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро стандартларга мослаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу қарор молия ва капитал бозорларида шаффофликни ошириш, халқаро инвесторлар ишончини кучайтириш ва узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
– Мамлакатимизда илк бор жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифаси ҳуқуқий жиҳатдан белгиланди. Бу нимани англатади?
– Ушбу қарорга мувофиқ, мамлакатимизда илк бор жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифаси ҳуқуқий жиҳатдан белгиланди. Бу тоифага фаолияти, активлари, тушуми ёки иқтисодий-ижтимоий таъсири кенг доирадаги манфаатдор томонларга дахлдор бўлган ташкилотлар киритилди.
Жумладан, фонд биржасидаги оммавий компаниялар, тижорат банклари ва молиявий ташкилотлар, инвестиция фондлари, биржалар, давлат улуши юқори бўлган йирик корхоналар ҳамда активлари, тушуми ва ходимлар сони белгиланган мезонларга жавоб берадиган йирик ташкилотлар ушбу тоифага киритилди.
Бундай ташкилотлар реестрга киритилганидан кейин молиявий ҳисобни халқаро стандартлар асосида юритиши, молиявий ҳисоботни халқаро аудит стандартлари асосида текширтириши ва уни очиқ эълон қилиши шарт этиб белгиланди. Реестр ҳар йили очиқ маълумотлар портали ва ҳукумат порталларига жойлаштирилади.
– Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) жорий этиш ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишлар олиб борилди?
– 2025 йил давомида бухгалтерия ва аудит соҳасида методологик кенгаш ташкил этилди. Унда маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этиб, халқаро стандартларни жорий қилиш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбиркорлик субъектларига услубий ёрдам кўрсатиш, ERP ва бошқа дастурий таъминотларда халқаро стандартлар бўйича ҳисобот шаклларини автоматик тўлдириш механизмларини жорий этиш, Ягона ҳисоботлар тизимига интеграция қилиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, бухгалтерлар ва аудиторлар учун рақамли билимлар бўйича малака ошириш дастурлари йўлга қўйилди, аудит соҳасида таълим дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилди.
Барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботини тайёрлаш қоидаларини жорий этиш бўйича ҳам тегишли қарор лойиҳалари ишлаб чиқилди.
– Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш йўналиши бўйича олиб борилган ишлар натижаси қандай?
– 2025 йилда бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон харажатларини қоплаш бўйича 1515 та ариза кўриб чиқилиб, 895 нафар талабгор учун 1208,7 миллион сўм маблағ қоплаб берилди. Шунингдек, ўқитиш харажатларини қоплаш бўйича 430 нафар тингловчи учун 1982,4 миллион сўм ажратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 1470 га яқин мутахассис халқаро сертификатларга эга. ACCA билан ҳамкорлик доирасида 14 та ўқув маркази халқаро аккредитациядан ўтди. IFRS бўйича бепул масофавий таълим платформаларида эса 13 мингдан ортиқ тингловчи таҳсил олмоқда.
– Аудиторлик фаолияти соҳасида қандай ишлар амалга оширилди?
– 2025 йил якунига кўра, республикада 175 та аудиторлик ташкилоти фаолият юритмоқда. Аудитор малака сертификатига эга мутахассислар сони эса 1296 нафарга етди.
Аудиторлик ташкилотлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Аудит” дастурий мажмуаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини баҳолаш бўйича халқаро талабларга мувофиқ тайёргарлик ишлари олиб борилди.
– Халқаро ҳамкорлик ва норматив базани такомиллаштириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилди?
– 2025 йил давомида бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасига доир қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди. 18 та халқаро конференция, семинар ва учрашувларда иштирок этилди. Жумладан, Жаҳон банки, МҲХС фонди, ACCA ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, идоралараро электрон тизим орқали келиб тушган 900 га яқин топшириқ ва мурожаатлар белгиланган муддатларда бажарилди.
Умуман олганда, 2025 йил давомида бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолияти соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар молия ва капитал бозорларида шаффофликни ошириш, халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва мамлакат иқтисодиётига узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш учун мустаҳкам асос яратди. Бу жараёнлар эса миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.