Фитосанитария лабораториялари қайта жиҳозлантирилмоқда (+видео)
Ўсимликлар зараркунандалари учун тўсиқларни ўрнатиш мураккаб жараён. Ҳажми кичик, бироқ етказадиган зарари улкан бўлган бу объектларни тоза ҳудудга кириб келишининг олдини олиш муҳим масала. Бу йўналишда замонавий техника ва илғор технологияларнинг жорий этилиши фитосанитария соҳасини янада ривожлантиришга асос бўлади. Айни шу мақсадда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 12 та лабораторияси қайта жиҳозлантирилди. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида жами 2.3 миллион долларга тенг замонавий ускуналар ўрнатилди.
Жиҳозларнинг бир қисми Ўсимликлар карантини чегара масканларида, яна бир қисми Карантин агентлигининг ҳудудий фитосанитария лабораторияларига ўрнатилди. Жами 47 турдаги 500 дан ортиқфитосанитар лаборатория ускуналари 9 та ҳудудга етказиб берилди.
- Қашқадарё вилоятида туман лабораторияси учун мутлақо янги бино барпо этилгани ва у замонавий ускуналар билан жиҳозлангани бизда ижобий таассурот қолдирди, - дейди лойиҳа менежери ЛиНам Бук. – Ўрганишлар натижасида тавсиялар ишлаб чикилди ва «йул харитаси» тайёрланди. 2027 йилгача давом этадиган лойиҳа доирасида лабораториялар фаолиятини такомиллаштириш буйича ҳамкорлигимиз давом этади.
2026 йилнинг илк фитосанитария сертификати Ўзбекистон узуми учун айнан Жанубий Кореяга олинганди. Лойиҳа маъсулларининг ҳисобот йиғилишида қайд этилганидек, ушбу лаборатория мамлакатимизнинг бошқа турдаги мева-сабзавотларининг экспортида алоҳида ўрин тутади.
- Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Корея Республикасига тўсиқсиз экспорт қилиш, шунингдек, даромадлар ўсишига кўмаклашишни мақсад қилади, -дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги офиси директори ўринбосари Парк Сеонгмин. – Мен Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрганимда, маҳаллий мевалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нақадар мазали ва юқори сифатли экани ҳайратга солганди. Келгусида, масалан, ўзбек қовунлари ҳам Кореяга етказилса ажойиб бўлар эди.
Ҳудудларда хорижий экспертлар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилиб, маҳаллий мутахассисларга лаборатория жиҳозларидан самарали фойдаланиш, таҳлил натижаларини аниқ ва ишончли олиш ўргатилди ҳамда халқаро лаборатория стандартлари ва талаблари бўйича амалий билимлар берилди.
- Ушбу ускуналардан Ўзбекистонда самарали фойдаланилиши келгусида халқаро талабларга мос фитосанитар карантин стандартларини шакллантириш имконини беради, - дейди “Hundai Asan” компанияси вакили Жеонг Дае Сеонг. – Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижий бозорларга экспорт қилишга йўл очиб, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Замонавий лаборатория жиҳозларининг ўрнатилиши тадбиркорлар учун ўз навбатида таҳлил жараёнларида вақт ва маблағ тежалишига, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар даражасида баҳоланишига хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4sMgyj29WCs?si=CQiE-yhJP_HNrMGY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА