Чироқчи чорвачилигида янги босқич
Чорвачилик йўналишида бой тажрибага эга Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида кейинги йилларда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Бу ташаббуслар натижасида туманга наслдор чорва моллари олиб келиниб, маҳаллий зотларни сифат жиҳатдан яхшилаш, қўйчилик маҳсулотлари – гўшт, сут, тери ва жун етиштириш ҳажмини оширишга кенг имконият яратилмоқда.
Бу борада туманнинг Паканди маҳалласида яшовчи тажрибали чорвадор Тўлқин Омонқулов фаолияти диққатга сазовор.

– Яхши ният билан Қирғизистондан “Эдилбой” зотли 40 бош қўй олиб келиб, кўпайтиришни бошладик, – дейди Тўлқин Омонқулов. – Натижаси кутганимиздан ҳам яхши бўлди. Бу зот наслдор, икки-учтагача қўзи беради, иқлимимизга тез мослашди. Энди яна қўшимча мол олиб келиш ниятимиз бор.
Чорвадор билан суҳбат давомида хориждан келтирилаётган қўй зотларининг афзалликлари, уларнинг маҳсулдорлиги ва насл сифатларини яхшилашда тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Айниқса, наслли қўй ва эчкиларни олиб келиш орқали мамлакатимиз чорвачилиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди.

Сўнгги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачилик соҳасига бўлган эътибор сезиларли даражада кучайди. Қабул қилинаётган ҳукумат қарорлари, имтиёзлар ва қўллаб-қувватловлар натижасида Чироқчи туманида ҳам чорва бош сонини ошириш, маҳаллий шароитда наслли зотлар улушини кўпайтириш орқали аҳолини арзон ва сифатли гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифага айланди.
– Бугунги кунда туманимизда 360 минг бошдан ортиқ майда шохли ва 315 минг бошдан зиёд йирик шохли чорва моллари парвариш қилинмоқда, – дейди Чироқчи тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Мойли Ҳайдаволиб. – Ўтган йил давомида туманимизга 3 минг бошга яқин қорамол, 4 минг бошга яқин майда шохли моллар хорижий давлатлардан олиб келинди. Айниқса, Қирғизистон ва Мўғулистондан олиб келинаётган майда шохли моллар яхши самара бермоқда. Бу ишлар келгусида ҳам босқичма-босқич давом эттирилади.

Айни пайтда вилоят миқёсида 1 миллион 762 минг бош қорамол ва 5 миллион 109 минг бош майда шохли чорва моллари парвариш қилинмоқда. Мўғулистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик доирасида 10 минг бош “баяд” зотли қўй олиб келиш режалаштирилгани ҳам соҳа ривожида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Қашқадарё, хусусан, Чироқчи тумани чорвадорлари учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Наcлдор чорва турларини кўпайтириш нафақат сифатли гўшт, сут ва жун маҳсулотлари манбаи, балки аҳоли учун ҳамёнбоп нархлар, тадбиркорлар учун эса барқарор даромад омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири