Коррупцияга қарши ички назорат кучайтирилади
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Унда ўтган даврда амалга оширилган ислоҳотлар таҳлили билан бирга, келгуси йиллар учун аниқ мақсад ва вазифалар белгиланиб, барча соҳаларда изчил тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгаши депутати, Коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссияси раиси Дониёр Юсупов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда очиқлик, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Иқтисодиётни либераллаштириш, давлат хизматлари сифатини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини модернизация қилиш орқали аҳолининг ҳаёт сифати изчил равишда яхшиланмоқда.
Бу ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокига кенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳам кенг қамровли бўлиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олди. Унда ўтган йиллар давомида қилинган ижобий ишлар, ютуқларимиз билан бир қаторда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар чуқур таҳлил қилинди.
2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши жамиятни қуйи бўғиндан бошлаб мустаҳкамлашга қаратилган узоқни кўзлаган стратегик қарордир. Зеро, маҳалла шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келаётган халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир.
Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топиши урғуланди. Шунингдек, маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.
Юрт тараққиётига жиддий таҳдид солувчи иллат - коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг якдил позицияси алоҳида аҳамият касб этади. Коррупцияга қарши кураш соҳасида “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши, давлат бошқарувида инсон омилини қисқартириш, очиқлик ва адолат тамойилларини таъминлашга қаратилган қатъий сиёсат жамиятда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш йўлида қўйилган энг муҳим ва дадил қадамлардан бири ҳисобланади.
Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек, “Коррупция - давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир!”.
Шунга кўра, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади ва бу раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ва Президент олдида ҳисобот беради. Коррупцияга қарши курашишда бирлашиш масаласига алоҳида тўхталгани ҳам давлат раҳбарининг юрт тақдирига ҳамиша қайғуришидан далолатдир. Бу йўлда ҳамфикрликда бўлишга чорлаётгани ҳам муҳим ҳақиқат.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Мурожаатнома фақат келгуси йил режаси эмас, балки келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизни белгилаб берувчи тарихий дастур. Биз, депутатлар белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда янада фаол бўлишимиз лозим бўлади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.