Уй-жой бозорида Эскроу тизими ишга тушди
Уй сотиб олиш учун фуқаролар йиллар давомида маблағ тўплайди, баъзан умрнинг ярми ўтиб кетади. Яхши орзу-ният билан йиғилган пулларни ҳали қурилиши бошланмаган ёки тугалланмаган уй-жойлар учун айрим қурилиш компанияларига топшириб, алданиб қолган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Шунингдек, охирги йилларда айрим қурилиш лойиҳаларида юзага келган молиявий муаммолар, қурилиши якунланмаган объектлар ҳамда ҳуқуқий ноаниқликлар аҳолининг уй-жой бозорига бўлган ишончини жиддий синовдан ўтказди.
Ана шундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 январдаги "Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш ва турар ва нотурар жой объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Фармон уй-жой қурилиши соҳасини тартибга солишга қаратилган. Фармон асосида 2026 йил 1 январдан эътиборан Эскроу ҳисоби тизими жорий этилмоқда. Мазкур механизм қурилиш бозорида хавфсизлик, шаффофлик ва масъулиятни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой қурилиши соҳасида янги молиявий механизм — Эскроу тизими жорий этилади.
Мазкур ислоҳот Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари, шунингдек, Марказий банк ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Ислоҳотнинг асосий мақсади кўп йиллар давомида уй-жой бозорида йиғилиб қолган тизимли муаммоларни бартараф этиш, энг муҳими, фуқароларнинг молиявий манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Расмий ҳужжатларга кўра, кўп квартирали уй-жой қурилишида иштирок этувчи харидорлар томонидан тўланган маблағлар энди тўғридан-тўғри қурувчи ҳисоб-рақамига ўтказилмайди, балки банкларда очиладиган Эскроу ҳисобларида сақланади. Қурувчи ушбу маблағдан фақат объект қурилиши тўлиқ якунланиб, давлат қабул комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу талаблар қурилиш соҳасида молиявий шаффофликни ошириш ва қурувчиларни қатъий интизомга бўйсиндиришга қаратилган.
Иқтисодчи-эксперт Ж.Абдуллаев:
“Эскроу тизими қурилиш бозорида табиий саралаш вазифасини бажаради. Молиявий имконияти ва аниқ режаси бўлмаган компаниялар бозордан чиқади, барқарор ва масъулиятли қурувчилар эса ўз ўрнини мустаҳкамлайди.”
Мутахассис таъкидлашича, бу жараён қисқа муддатда айрим қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин, аммо ўрта ва узоқ муддатда бозор барқарорлиги таъминланади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси бўйича мустақил таҳлилчи Н.Йўлдошева:
“Сўнгги йилларда қурилиши тугамаган уйлар, ҳуқуқий жиҳатдан муаммоли объектлар сабаб минглаб одамлар ўз маблағидан айрилди. Эскроу тизими ана шу хавфларни минимал даражага туширадиган реал кафолатдир.”
Янги тизим харидор учун “олдин тўла — кейин кут” тамойилидан воз кечиб, пул хавфсизлиги устувор бўлган моделга ўтишни англатади.
Экспертларнинг фикрича, мазкур тизим банклар учун рискларни сезиларли даражада камайтиради. Чунки барча маблағ ҳаракати назорат остида бўлади, қурилишнинг бориши эса молиявий жиҳатдан кафолатланади.
Банк соҳаси эксперти О.Қодиров:
“Рисклар камайиши ипотека кредитларининг барқарорлашувига хизмат қилади. Бу эса келгусида фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиш учун замин яратади.”
Халқаро тажриба қандай?
Россия, Қозоғистон ва Туркия тажрибаси шуни кўрсатадики, Эскроу тизими жорий этилган дастлабки йилларда қурилиш суръатлари маълум даражада секинлашган. Бироқ, 2–3 йил ичида бозор тозаланиб, сифатли лойиҳалар улуши ортган, харидор ишончи эса сезиларли даражада ошган.
Бир сўз билан айтганда, Эскроу тизими — уй-жой қурилиши соҳасида тартиб, масъулият ва ишончни таъминлашга қаратилган стратегик ислоҳот. У фуқароларни ҳимоя қилиш билан бирга, қурилиш бозорини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА