Битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўладиган рақамли экотизим яратилади
Муносабат
Президентимизнинг куни кеча тақдим этган Мурожаатномаси якунига етаётган йил сарҳисоби бўлиш баробарида келгуси йил ва ундан кейинги йилларда амалга ошириладиган, юртимиз, халқимиз фаровонлигига замин бўладиган долзарб мақсад-вазифаларни ўзида акс эттирган ҳужжат бўлди. Бугун кенг жамоатчилик вакиллари ушбу Мурожаатномада акс этган муҳим масалалар, илгари сурилган ташаббуслар ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва муносабатини билдирмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши бўлим бошлиғи Ҳамдам Ниёзов ЎзА мухбирига ўз фикрларини баён қилар экан, мазкур Мурожаатнома фуқаролар хоҳиш-истакларининг ифодаси бўлганини қайд этди:

– Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг янги босқичига йўналтирилган муҳим сиёсий ҳужжат сифатида катта аҳамият касб этади. Унда ҳар бир соҳа ва йўналишда аниқ ва пухта ишланган стратегия билан иш кўриш ва энг асосийси, халқ ичидаги гаплар ва одамларнинг хоҳиш-истакларига эътибор қаратилди.
Мурожаатномада кўтарилган энг муҳим масалалардан бири бу интеллектуал салоҳиятга эга кадрларни тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналиши сифатида белгиланди.
Маълумки, ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда эса мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.
Президентимиз таъкидлаганидек, бу жараёнлар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Эндиликда мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Яна бир масала бу – меҳнат бозорига керакли кадрлар тайёрлаш масаласи бўлди. Маълумки, меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келяпти. Мурожаатномада қайд этилишича, энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “онлайн” тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Қайд этиш керак, бугун аҳолини қийнаб келаётган ва ечимини кутаётган муаммолардан бири бу йўллардаги тирбандлик масаласидир. Бугун шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. Шу боис, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилиши маълум қилинди. Энди катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади.
Шундан келиб чиқиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши қайд этиб ўтилди. Шу билан бирга, пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади, шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар кўпайтирилади. Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентмизнинг Мурожаатномаси жамият кайфиятини аниқ ҳис қилган, халқ ичидаги гапларни ва одамларнинг хоҳиш-истакларини баланд овозда айтган сиёсий чиқиш бўлди десак, муболаға бўлмайди. Албатта, якунланаётган 2025 йил кўплаб ютуқларга ва тарихий натижаларга бой йил бўлди. Мурожаатномани тинглаб, шуни айтиш мумкинки, келгуси 2026 йил бундан-да самарали, янгидан-янги марраларни забт этадиган йил бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА