Криминология институти йил давомида қандай натижаларга эришди ва келгусидаги режалар қандай? (+видео)
Жорий йилнинг 25 декбрь куни Криминология кенгашининг йил якунларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги йиғилишида мамлакатда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган илмий-амалий ишларга баҳо бериш, мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва келгуси устувор йўналишларни белгилаш масалалари кўтарилди.
Йиғилиш давомида Криминология тадқиқот институтининг бир йил мобайнида амалга оширган фаолияти атрофлича муҳокама қилинди ва жиноятчиликнинг сабабларини илмий асосда ўрганиш, криминоген вазиятни прогноз қилиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича эришилган натижалар эътироф этилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда институт ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгаши таркиби 34 нафардан иборат бўлиб, унда давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим вакиллари фаолият юритмоқда. Кенгаш аъзоларининг катта қисми юқори илмий салоҳиятга эга мутахассислардир.
Йиғилишда шунингдек, республика миқёсида жиноятчиликка қарши курашишга доир илмий ташаббусларни тизимли муҳокама қилиш ва уларни амалиётга жорий этиш механизми самарали ишлаётгани қайд этилди. Хусусан, давлат ҳисоботлари, илмий-методик қўлланмалар, ўқув дастурлари, илмий нашрлар ҳамда тадқиқот лойиҳалари доимий равишда таҳлил қилиниб, улар асосида аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Йил давомида тайёрланган давлат ҳисоботларида 150 дан ортиқ илмий асосланган таклифлар, 80 га яқин прогнозлар ҳамда ўттиздан зиёд йўналишлар бўйича жиноятчилик ҳолатига илмий хулосалар берилган. Айни пайтда маъмурий ҳудудлар, вазирлик ва идоралар буюртмалари, шунингдек, жамоатчилик ташаббуслари асосида жами 19 та илмий-амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур тадқиқотлар жиноятчиликни олдини олиш бўйича ҳудудий ва соҳавий муаммоларга аниқ ечимларни таклиф этади.
Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ва институт нашрлари ҳамда илмий журналларини халқаро нуфузли базаларда индекслаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, Криминология тадқиқот институти ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг тегишли ҳудудлари ҳамда Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларида комплекс тадқиқотлар олиб борилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилган.
Ўтказилган тадқиқот натижаларида, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар Тошкент шаҳрида 25,2 фоизга, Тошкент вилоятида 10,5 фоизга камайган. Институт илмий жамоаси ва малакали экспертлари томонидан ишлаб чиқилган “ўғрилик ҳамда фирибгарлик жинояти, тан жароҳати етказиш жиноятини барвақт олдини олиш" ҳудуд методикалари 1 500 га яқин маҳаллалар ва масъул идораларнинг амалий фаолиятда фойдаланиши учун тарқатилган. Натижада, ўғрилик жинояти Тошкент шаҳрида 36,2 фоизга, Тошкент вилоятида 4 фоизга, фирибгарлик жинояти Тошкент шаҳрида 33,1 фоизга, Тошкент вилоятида эса 5 фоизга, тан жароҳати етказиш жинояти эса Тошкент вилоятида 29,6 фоизга камайган.
Институт тадқиқотлари ҳамда бевосита жойига чиққан ҳолда олиб борган ўрганишлари натижасида Самарқанд вилоятида жами 458 та ёҳуд 42,4 фоиз маҳаллаларда мутлақо жиноят содир этилмаслигига эришилган. Шундан 509 та ёҳуд ҳудуддаги 47,1 фоиз маҳаллаларда криминоген вазият барқарор ҳолатда сақланиб туришига эришилган.
Бундан ташқари, илмий кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, тўртта ихтисослик бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга ихтисослашган илмий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилган, республика ва халқаро миқёсда қатор илмий-амалий анжуманлар ташкил этилган.
Йиғилиш якунида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, тадқиқотларнинг амалиётга йўналтирилишини янада кучайтириш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш масалалари юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sP9oC_DFU1U" title="Kriminologiya instituti yil davomida qanday natijalarga erishdi va kelgusidagi rejalar qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА