Аброр Йўлдошев: “Аҳоли хонадонларида газ босим ростлагичларини ўрнатиб, икки босқичли тизимни жорий қиляпмиз”
Табиий газ таъминоти мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва саноат тармоқларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Энергия ресурсларига бўлган талаб ортиши шароитида газ ишлаб чиқариш, ташиш ва истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш тизимини такомиллаштириш долзарб вазифага айланмоқда.
Шу боис, инфратузилмани модернизация қилиш, газ тармоқларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳамда аҳолини барқарор газ таъминоти билан қамраб олишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Ҳудудгазтаъминот” АЖ табиий газ объектларидан самарали фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Аброр Йўлдошев билан суҳбатлашдик.
– Суҳбат аввалида жамиятнинг табиий газ таъминотидаги асосий вазифаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Шунингдек, мавсумни беталафот ўтказишда қандай ишлар қилинди ва мавжуд муаммолар қандай бартараф этилмоқда?
– Бизнинг асосий вазифамиз республика истеъмолчиларига узлуксиз ва сифатли газ етказиб бериш, газ тармоқларининг ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш, йўқотишларни қисқартириш ҳамда инфратузилмани модернизация қилишдан иборат. Шу боис, аҳоли хонадонларида газ босим ростлагичларини ўрнатиб, икки босқичли тизимни жорий қиляпмиз.
Мавсум ишларига келсак, жамият томонидан 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларига табиий газни кафолатли етказиб бериш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1023 дона (196%) газ таъминоти пунктлари (ГТП) мукаммал таъмирланди, 50 195 дона (100%) газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди. Шунингдек, 7 590,9 километр (106%) газ қувурлари босим остида синалди ва ҳаво босими ёрдамида тозаланди, 22 698,5 километр (138%) ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилди.
Бундан ташқари, 318,6 минг аҳоли хонадонларига газ босим ростлагичлар (регулятор) ўрнатилди ва улар икки босқичли тизимга ўтказилди, 6 159 дона эскирган газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинди. Газ таъминоти тизимидаги йўқотишларни қисқартириш, модернизация ва реконструкция қилиш, техник ва иқтисодий самарадорликни ошириш мақсадида жорий йилда 1 035,9 километр газ тармоқларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Албатта, бу каби ишлар аҳолини газ билан таъминлаш муаммоларини босқичма-босқич ҳал этиш имкониятини яратади.
– Газ тармоқларини модернизация ва реконструкция қилишда қандай ишлар қилинмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларига асосан 145,2 километр янги газ тармоқлари қурилди. Шунингдек, жамиятнинг “Газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш” манзилли дастурига асосан 558,5 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланиб, реконструкция қилинди. Бу 2024 йилга нисбатан 3,2 баробар кўп ёки 373,2 километр кўп қувурларни ўз ичига олади.
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида яна 82,3 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланиб, реконструкция қилинди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар маблағлари ҳисобига 1,7 километр газ тармоқлари реконструкция қилинса, 8,0 километр янги газ тармоқлари қурилди. Истеъмолчилар маблағлари ҳисобига эса 240,2 километр янги газ тармоқлари барпо этилди.
– Авария ҳолатларига қарши қандай чоралар кўрилмоқда?
– Аварияларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида газ қувурлари, регуляторлар, манометрлар, пайвандлаш аппарати ва бошқа эҳтиёт қисмлар захира қилинади. Ҳудудларда 291 дона авария бригадаси ва 254 дона махсус техникалар тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, 5 дона мобиль лаборатория ва 1 000 дона махсус приборлар орқали газ тармоқлари техник кўрикдан ўтказилмоқда. Полиэтилен қувурларга алмаштириш лойиҳалари ҳам Тошкент ва Қашқадарёда амалга оширилмоқда.
Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида қуйидаги захиралар яратилди. Шунингдек, 624 дона пайвандлаш аппарати захира қилиниб, 241 дона автотранспорт, 291 дона авария бригадаси (899 нафар ходим) ва 254 дона махсус техника тайёр ҳолатга келтирилди.
Истеъмолчиларга бир меъёрда узлуксиз ва йўқотишларсиз газ етказиб бериш мақсадида газ таъминоти филиалларида газ қувурларида сизиб чиқишни аниқловчи 5 дона мобиль лаборатория, 48 дона “Вариотек” ва 1 000 дона “Тесто-318” русумли махсус приборлар жамият томонидан харид қилинди. Газ таъминоти филиаллари масъул ходимлари орқали тармоқлар ва ундаги қурилмалар мунтазам техник кўрикдан ўтказиб борилмоқда.
2024 йил давомида ҳудудларда 5 дона мобиль лаборатория 12 305,1 км. газ тармоғини текширган бўлса, 2025 йилнинг 10 ойи давомида бу кўрсаткич 22 698,5 километрга етди, яъни ўтган йилга нисбатан 10 393,4 километр кўпроқ тармоқ техник ҳолатдан ўтказилди.
– Пилот лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бугунги кунда бу ишлар қамрови қандай?
– Пилот лойиҳаси сифатида Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Шўралисой” ГТСдан чиқувчи ер ости газ қувурининг 1500 метр қисмини полиэтиленга алмаштириш режалаштирилиб, “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали лойиҳа гуруҳи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва давлат экспертизасидан ўтказилди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ билан биргаликда 2025 йил 17 октябрда кесими 250 мм. бўлган 1,5 километр полиэтилен трубаларни хариди бўйича шартнома расмийлаштирилди ва бугунги кунда 1,2 километр газ қувурлари полиэтилен қувурларга алмаштирилди.
Худди шундай ишлар ташкилотимизнинг 2025 йил манзилли дастурига киритилган Қашқадарё вилояти Косон тумани "Косон-1" ГТС туман марказига элтувчи ўрта босимли ер ости Д-219/325 мм. пўлат қувурни полиэтилен газ қувурига алмаштириш объектида ҳам амалга оширилди. Лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли экспертиза хулосалари олинган ҳолда 3,3 километр газ қувурлари полиэтилен қувурларга алмаштирилди.
Шу тариқа, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг барқарор ва сифатли табиий газ таъминотини таъминлашга қаратилган изчил ишлари нафақат аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга, балки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожига ҳам ҳисса қўшмоқда. Инфратузилмани модернизация қилиш ва газ тармоқларини реконструкция қилиш ишлари фаол давом этмоқда. Бу эса узлуксиз газ таъминотини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.