Халқаро истеъмолчилар ташкилоти конгресси Ўзбекистонда ўтказилади
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) 2027 йилдаги Глобал конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш таклифини билдирилди.
Бу, мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига давлатимиз раҳбари томонидан билдирилаётган юксак ишончнинг халқаро майдондаги амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашни, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва таъсирини оширишни давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди. Айниқса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ННТларга ҳуқуқий, институционал ва ташкилий шароитлар яратилмоқда. Бу чора-тадбирлар истеъмолчилар манфаатларини самарали ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилаётир.
Consumers International 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 115 та мамлакатдан 200 дан ортиқ истеъмолчилар ташкилотини бирлаштирган энг йирик глобал тузилмадир. Ташкилот БМТда маслаҳатчилик мақомига эга бўлиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭСР)нинг махсус иқтисодий гуруҳи ва Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО)нинг маслаҳат гуруҳи таркибига киради.
Ташкилот бутун дунёда истеъмолчиларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган сиёсат ва ташаббусларни илгари суриш билан шуғулланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018 йилдан буён Consumers Internationalнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Бу мамлакатимиз истеъмолчилар ҳаракатининг халқаро майдонда тан олинганини ва миллий ташкилотлар глобал кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этиб келаётганини кўрсатади.
Глобал конгресс истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг нуфузли халқаро форум бўлиб, унда маҳсулот ва хизматлар хавфсизлиги, адолатли бозор, рақамли иқтисодиётда истеъмолчи манфаатлари ҳамда ёшлар ва кам таъминланган гуруҳларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлади.
Ушбу Конгресснинг Ўзбекистонда ўтказилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш ва инсон манфаатларини давлат сиёсатининг марказига қўйиш тамойиллари билан тўла уйғун эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Конгресс мамлакатимиз учун истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, нодавлат ташкилотлар салоҳиятини янада ошириш ва Ўзбекистонни мазкур йўналишда минтақавий етакчи сифатида намоён этиш учун кенг имкониятлар очади.
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти конгрессининг Ўзбекистонда ўтказилиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқлар, нодавлат ташкилотларга давлат раҳбари томонидан билдирилаётган ишонч ва Ўзбекистоннинг халқаро истеъмолчилар ҳаракатидаги фаол иштирокининг мантиқий ва тарихий натижасидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА