Бугун дунёнинг ҳар бир бурчида экологик барқарорлик масаласи кун тартибига чиққан. Чунки тоза ҳаво — соғлом ҳаёт, соғлом жамият эса барқарор тараққиёт дегани. Афсуски, сўнгги йилларда ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсата бошлади.
Автомобиллар, автобуслар, юк машиналари ва бошқа ҳаракатланувчи техника турлари ёқилғи ёниши жараёнида турли хил заҳарли моддаларни ҳавога чиқаради. Атмосфера ифлосланиши иқлим ўзгариши, ҳаво ҳарорати ошиши ва кислотали ёмғирлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Айниқса, йирик шаҳарларда транспорт воситалари сонининг кўпайиши ҳаво сифатининг кескин ёмонлашишига олиб келмоқда.
Муаммони камайтириш учун экологик тоза транспорт турларига ўтиш, электр ва гибрид автомобиллардан фойдаланиш, жамоат транспортини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, автомобилларни техник кўрикдан ўз вақтида ўтказиш, сифатли ёқилғидан фойдаланиш ва ҳаракат маданиятини ошириш ҳам зарарли газлар миқдорини қисқартиришга хизмат қилади.
Маълумки, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистон шароитида эко-стикер, яъни "Экологик транспорт" тизими кучга кирмоқда.
Хўш, эко-стикер ранги мос келмайдиган ҳудудга кирган ҳайдовчи қай тартибда аниқланади ва унга жарима қўлланиладими?
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Файзобод” транспорт воситалари диагностика текшируви марказида “Экологик транспорт” тизимининг моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг тушунтириш юзасидан ташкил этилган тадбирда ушбу саволга ҳам жавоб берилди.
—Эко-стикерлар уч хил — яшил, сариқ ва қизил рангда бўлади, —дейди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев. — Дастлаб машинаси сариқ ёки қизил стикер олган ҳайдовчи стикерлар рангини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Мамлакатимиздаги барча ҳудудларда диагностик марказлар фаолияти йўлга қўйилган. Сариқ ёки қизил стикер олган фуқаролар транспорт воситаларини шу диагностик кўрикдан ўтказиб, стикерлари рангини ўзгартириши мумкин. Масалан, қизил стикерли автомашиналар тоза ҳудудга кирмоқчи бўлганида бевосита хабари бериб борилади. Чунки транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ва ҳисоботлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида электрон тарзда юритиб борилади. Бу борада ягона электрон тизим мавжуд. Бугунги кунда марказий шаҳарларнинг аксарият қисмида дастурлаштирилган камералар ва кузатиш имконини берувчи бошқа воситалар мавжуд.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, эко-стикер ранги мос келмайдиган ҳудудга кирилганда ҳайдовчиларга тегишли тартибда жарималар қўлланилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА