Россия активлари қайтарилмас тарзда музлатилди (+видео)
Европа Иттифоқи Россиянинг активларини музлатиш учун кескин ва тарихий қарор қабул қилди. Қарорга кўра энди бу маблағлар Россия урушни тўхтатиб, Украинага товон пулини тўлашга рози бўлмагунча Москвага қайтарилмайди.
ЕИ шу тариқа Иттифоқ ҳудудида жойлашган Россия Марказий банкига тегишли 210 миллиард евро активларни ҳаракатсиз ҳолатга келтирди. Бу билан ЕИ Кремлнинг ҳарбий молиялашувини чеклаб, ташқи босимларга қарши самарали восита яратди, деб хабар берди Евроньюс.
Активларнинг185 миллиард евроси Брюсселдаги Euroclear депозитарийсида, қолган қисми эса беш аъзо давлат банкларида сақланади. Илгари бу маблағлар ҳар олти ойда якдил овоз билан узайтириладиган санкциялар орқали музлатиларди, аммо бу тизим Венгриянинг ветолари сабаб заифлашган эди. Шу хавфни бартараф этиш мақсадида Еврокомиссия 122-моддага таяниб, қарорларни малакавий кўпчилик билан қабул қилиш механизмини ишга туширди. Еврокомиссия Россия уруши Европа иқтисодиётига жиддий зарар етказганини таъкидлади. Айрим ҳуқуқшунослар бу асосни баҳсли деб ҳисоблаган бўлса-да, Комиссия қарорни амалга ошириш учун етарли ҳуқуқий асос борлигини билдирди. Қабул қилинган қарорга кўра, аъзо давлатлар энди Россия Марказий банкига активларни қайтариш ҳуқуқига эга эмас. Маблағлар фақат Россия Украинага қарши урушни тўхтатиб, Европа иқтисодиётига таҳдид бартараф этилганидан кейингина, янги малакавий кўпчилик қарори билан озод қилиниши мумкин. Амалда эса бу активлар узоқ муддатга музлатилган ҳисобланади.
Фақат Венгрия бош вазири Виктор Орбан қарорни «Брюссел диктатураси» деб атаб, уни суд орқали бекор қилишга уринишини билдирди. Бироқ кўплаб дипломатлар буни янги ЕИ ташқи сиёсати намунаси сифатида баҳоламоқда.
Шу тариқа, Европа Иттифоқи Россия активларини музлатиш орқали геосиёсий майдонда қатъиятли қадам ташлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jx5byda4D7k" title="Rossiya aktivlari qaytarilmas tarzda muzlatildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА