Вазир: уй-жойга тўланган маблағлар фақатгина шу объектнинг ўзига ишлатилади
Бугунги кунда айрим фуқаролар янги барпо этилаётган уй-жойларни сотиб олишда алданиб, чув тушиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишда эскроу тизими жорий этилиши кўзда тутилган.
Куни кеча парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да депутатлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига юзланар экан, мазкур тизим ҳақида ҳам қизиқди.

Нодир Тилаволдиев, депутат:
— Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб йил охиригача фуқаролар уй-жой сотиб олишда эскроу ҳисоб варағи орқали ҳисоб-китобни амалга оширишлари мумкинлиги кўрсатилган. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақатгина эскроу ҳисоб варақалари орқали амалга ошириш белгиланган. Қурилиш компаниялари жорий йил 1 июндан бошлаб эскроу тизимдан фойдаланишни бошладими? Агар бошланган бўлса дастлабки натижалар қандай?

Шерзод Ҳидоятов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири:
— Дарҳақиқат, 2026 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган уйлар учун ҳисоб-китоблар эскроу тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. “Шаффоф қурилиш” электрон платформасида эскроу тизими бўйича платформа мукаммал ишлаб чиқилди. Бу тизим барча банклар, Кадастр агентлиги, Назорат инспекцияси, экспертиза билан интеграция қилинган. Эскроу ҳисоб очиш учун ҳар бир жараённи электрон кўриб тура оладиган тизим йўлга қўйилмоқда. Эскроу тизими бўйича қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Умуман, 1 январдан бошлаб барча жараёнлар мажбурий ишлаши бўйича тайёр ҳолатга келтирилди. Бирорта инсон алданиб қолмайди, уй-жойга тўланган маблағлар фақат шу объектнинг ўзига ишлатилиши кафолатланади ва таъминланади. Электрон платформага ҳар бир хонадоннинг квадрат метригача киритилади. Аҳоли келиб эскроу тизими орқали тўловни амалга оширганда, 100 фоиз кафолатланган даражада уй-жойга эга бўлади. Шунингдек, қурилишлар чўзилиб кетиши ҳолатларининг ҳам олди олинади. Айрим тадбиркорлар маблағларни бошқа жойларга ишлатиб юбориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Эскроу тизимида эса тўланган маблағлар фақатгина шу объектнинг ўзига ишлатилади, — деди вазир Шерзод Ҳидоятов.
Муҳтарама Комилова, ЎзА