Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Америка Қўшма Штатлари (АҚШ)нинг Юта штатида сиёсий, иқтисодий ва илмий доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Юта Сенати президенти Стюарт Адамс билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни фаол жалб этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонга Юта тажрибасини татбиқ қилиш, хусусан, тоғ-кон саноати, нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, электротранспорт учун батарея ҳамда яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар бўйича таклифлар илгари сурилди.
Оролбўйи ҳудудида экологик муаммоларни ҳал этишда Юта штатининг илмий-услубий тажрибасидан фойдаланиш, артемия етиштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси Юта штати университетлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда қўшма таълим дастурлари ҳамда талабалар алмашинуви лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Юта штати ўртасида иқтисодиёт, таълим ҳамда маданият соҳаларида ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА