Вьетнамнинг Ҳошимин шаҳрида ўтказилган Халқаро туризмни ривожлантириш ташкилоти (Tourism Promotion Organization for Asia‑Pacific Cities – TPO)нинг 12-ассамблеясида Самарқанд вилояти делегацияси иштирок этди.
TPO – Осиё-Тинч океани минтақасидаги шаҳарлар туризмини ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида 2002 йилда Япониянинг Фукуока шаҳрида ташкил этилган. Ташкилот тузилган пайтда дастлаб 25 та шаҳар унга аъзо бўлган ва аъзолар сонини 2020 йилгача 150 тага, 2025 йилгача 200 тага ва 2030 йилгача 400 тага етказиш кўзда тутилган. Бу орқали шаҳарларнинг туризм соҳасида ўзаро тармоқлашуви ва мавжуд имкониятлардан биргаликдан фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилган.

2022 йилда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида TPO билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Мазкур учрашувда ташкилот бош котиби Ўзбекистон шаҳарлари, хусусан, Самарқанднинг туризм имкониятларини юқори баҳолаганди.

Дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан вакиллар қатнашган ТРОнинг бу галги анжуманида Самарқанд вилоят туризм бошқармаси ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳам иштирок этди.
Эътиборли жиҳати, МДҲ давлатлари шаҳарлари орасида Самарқанд биринчи бўлиб мазкур ташкилотга аъзо бўлди.

Ассамблея доирасида Самарқанд вилоятининг тарихий мероси, бетакрор маданияти ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Тақдимот давомида делегация вакиллари Самарқанднинг жаҳон туризм харитасидаги ўрни, замонавий туристик инфратузилмаси ва хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мазкур тадбир чоғида Самарқанд вилояти делегацияси Маалайзиянинг Куала-Лумпур, Корея республикасининг Пусан ва Индонезиянинг Жакарта шаҳарлари масъуллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Мулоқотларда маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш ва сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА