Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт саройида гандбол бўйича U19 ёш тоифасида қизлар жамоалари ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатида мамлакатимиз вакиллари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Ўтказилган 3 та турда зафар қучиб, “А” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган Ўзбекистон қизлар терма жамоаси 1/2 финал йўлланмасини қўлга киритиш асносида келгуси йили ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

“А” гуруҳининг сўнгги 4-турида Ўзбекистон ва Хитой терма жамоалари рўбарў келди. Шиддатли кечган ўйиннинг 1-бўлимида 16:13 ҳисобида хитойликлар зафар қучди. Иккинчи бўлимда ҳамюртларимиз ўйинда устунликка эришган бўлса-да, ҳисобда 1 та тўп фарқи билан меҳмонларга ютқазди. Якунда Хитой терма жамоаси 29:25 ҳисобида гуруҳда 1-ўринни, ҳамюртларимиз 2-ўринни эгаллади. Ушбу кўрсаткич ўз-ўзидан чин юрти вакиллари билан бирга ўзбекистонлик гандболчи қизларга жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этди.

Чемпионатнинг “Б” гуруҳидаги 4-тур ўйинларида Эрон Қирғизистонни 77:12, Жанубий Корея вакиллари Японияни 23:21 ҳисобида доғда қолдирди. Ушбу натижалардан кейин гуруҳда Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари 1/2 финал чиптаси ҳамда жаҳон чемпионати йўлланмалари соҳиби бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, 27 август куни 9-10 ва 5-8 ва 1-4 ўринлар учун саралаш мусобақалари ўтказилса, 29 август куни 7-8, 5-6, 3-ўрин ҳамда финал баҳслари ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА