Парламент қуйи палатасининг мажлисида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан хавфли турдаги пиротехника буюмларининг муомаласига нисбатан чекловлар, пиротехника буюмларининг эркин ва чекланган муомаласи бўйича талаблар, хусусан, улардан оммавий тадбирларда, саноат ва ҳарбий мақсадларда фойдаланиш асослари белгиланмоқда. Хавфлилик даражаси юқори бўлмаган бенгал маёқчалари, турли эффектлар беришда ишлатиладиган стол фонтанлари каби пиротехника буюмларидан фойдаланишга чеклов ўрнатилмайди.
Пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланганлик учун белгиланган маъмурий жазо чорасини кучайтириш таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
[gallery-24522]
Шунингдек, мажлисда кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилишига қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, кам таъминланган шахслар муайян ишда ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишлари мумкинлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органларига тегишлилиги бўйича қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани сабабли амалдаги 9 та кодекс ва 71 та қонун қайта кўриб чиқилиб, уларда назарда тутилган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифа ва функциялари “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида қайта тақсимланмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга ҳокимликларнинг 28 та ваколатлари ҳамда қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига умумий берилган ваколатларнинг аниқлаштирилиши натижасида яна қўшимча 33 та ваколат, жами 61 та ваколатлар ўтказилмоқда. Хусусан, маҳаллий вакиллик органларига жойларда ривожланишнинг асосий йўналишларини белгилаш, комплекс дастурларни тасдиқлаш, қонунийликни таъминлаш борасидаги кенг ваколатлар юклатилмоқда.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига эса қабул қилинган қонун ҳужжатлари, дастурлар ижросини таъминлаш, ижро билан боғлиқ бошқа вазифа ва функциялар белгиланмоқда.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА