Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари биринчи уч томонлама учрашуви ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги тарихий қадам бўлди. Бу ҳақда “Bakhtarnews” маълум қилган.
– Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, делегациялар таркибида Ўзбекистон транспорт вазири ва Покистон темир йўллари вазири ҳам бор. Анжуман давомида Бутун Евросиё учун стратегик аҳамиятга эга Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Транс-Афғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди.


Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа ўзаро савдо муносабатини кучайтиради, Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлайди ва жанубий портлар орқали жаҳон бозорига янги йўл очади.
Томонлар савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларидаги ҳамкорликни, шунингдек Термиз халқаро савдо марказидан фойдаланишни кенгайтиришдан бирдек тарафдорликларини яна бир бор тасдиқлашди.


Делегациялар дастлаб Афғонистон ташқи ишлар вазири мезбонлигида уч томонлама сиёсий маслаҳатлашув ўтказди. Учрашувда уч давлат бир-бирини сиёсий жиҳатдан тушуниш, доимий мулоқот олиб бориш ҳамда муаммоларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олди.
Баёнотда қўшимча қилинишича, масъуллар икки томонлама музокаралар ҳам ўтказган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА