Шу кунларда Германиянинг Рейн-Рур ҳудудидаги Дуйсбург, Бохум, Эссен, Хаген ва Мюльхайм шаҳарлари XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари иштирокчиларини кутиб олмоқда.
Кеча ўйинларда қатнашадиган илк спорт делегацияси – Бразилия талабалар спорт жамоасининг дастлабки таркиби Германияга етиб борди.
Бугун, 14 июль куни эрта тонгда мамлакатимиз спорт делегациясининг ишчи гуруҳи Германияга жўнаб кетди.

Айтиш лозим, бу йилги ёзги Универсиада ўйинларида 150 тага яқин давлатнинг 8 минг 500 нафардан зиёд спортчи-талабалари 18 та спорт турининг 234 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Мусобақалар 6 та шаҳардаги 23 та спорт мажмуасида ташкил этилиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 16-27 июль кунлари ўтадиган бу галги ўйинларда Ўзбекистон спортчи-талабалари 11 та спорт тури – камондан отиш, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, сувга сакраш, дзюдо, бадиий гимнастика, эшкак эшиш, сузиш, стол тенниси, таэквондо WТ ва теннис бўйича ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, ёзги Универсиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими 16 июль куни Дуйсбург шаҳридаги “Шауинсланд-Райзен” аренасида ўтказилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА